Табиатни асра
Ш.Рашидов номидаги Жиззах вилояти ахборот - кутубхона маркази
илмий-услубият бўлими
“Табиатни
асра”
(Экология ва табиатни мухофаза қилиш тўғрисида)
УСЛУБИЙ
ТАВСИЯНОМА
2019 йил
Бугун инсониятнинг табиатга нисбатан салбий
муносабатлари оқибатларига гувоҳ бўлиб турибмиз. Дунёнинг бир бурчида сув тошқинлари,
зилзилалар рўй бераётган бўлса, бошқа жойида ўрмон ёнғинлари кузатилаяпти. Бу
каби глобал муаммолар табиат
бойликларидан экологик омиллар ҳисобга олинмаган
ҳолда фойдаланиш натижасида ўтган асрнинг иккинчи ярмида авж ола бошлаган эди.
Қайд этиш
жоизки, узоқ йиллар мобайнида табиатга етказилган таъсир оқибатида табиий
мувозанатга путур етди. Бугунги кунга келиб эса, инсоният тамаддуни, унинг
эртанги тақдири айнан шундай масалаларни ҳал этишни
тақозо қилмоқда.
Айни чоғда
экологик муаммоларни ҳал этишда тежамкор, экологик тоза технологияларни жорий
қилиш, табиатни муҳофаза қилиш тадбирларини изчил олиб бориш ёки соҳага оид
қонунчиликни такомиллаштириш борасидаги саъй-ҳаракатлар уларни ҳал этишда
етарли эмаслигини кўрсатмоқда. Аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш,
атроф-муҳитга оқилона муносабатда бўлиш, табиат неъматларини келгуси авлодлар
учун асраб-авайлаш ҳиссини шакллантириш антропоген таъсирларнинг олдини
олишда асосий омиллардандир. Бунда
экологик таълим-тарбиянинг аҳамияти ҳам ниҳоятда юқори.
Зеро,
экологик таълим-тарбия табиат ва жамият ўртасидаги узвийликни таъминлаш ҳамда
табиий барқарорликни сақлашда муҳим аҳамиятга эгадир.
Шунингдек,
экологик таълим-тарбия ёшларни табиатдан онгли равишда фойдаланиш ва улар
қалбида табиатга меҳр-муҳаббат уйғотиш ҳамда тежамкорликка ўргатишда қўл
келади.
Албатта, ёш
авлод қалбида табиатга нисбатан ҳурмат ҳиссини шакллантириш ва ривожлантириш
муҳим
масалалардан саналади. Бу, ўз
навбатида, педагог кадрлар зиммасига катта масъулият юклайди.
Мустақиллик
йилларида мамлакатимизда барча жабҳалар қаторида экология, атроф-муҳитни
муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасида тўлақонли
ҳуқуқий-меъёрий база яратилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси,
“Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Таълим тўғрисида”ги қонунлар ҳамда
Кадрлар тайёрлаш миллий дастури, шунингдек, бошқа қатор ҳужжатлар экологик
таълим-тарбия тизимининг ҳуқуқий асосини ташкил этади.
Таъкидлаш
жоизки, “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси
Қонунининг 4-моддасида табиатни муҳофаза қилиш мақсадларига эришиш учун барча
турдаги таълим муассасаларида экология фанини ўқитишнинг мажбурийлигини
таъминлаш мустаҳкамлаб қўйилган.
Шубҳасиз, атроф-муҳит
мусаффолигига эришиш ва экологик муаммоларнинг олдини олишда аҳолининг,
айниқса, ўсиб келаётган ёш авлоднинг экологик маданиятини ошириш муҳим
аҳамиятга эга. Шу мақсадда Ўзбекистонда барқарор ривожланиш учун таълим бўйича
БМТ ўн йиллиги (2005 — 2014йиллар) доирасида изчил ишлар олиб борилмоқда. 2005
йилда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ҳамда
Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг қўшма қарорига асосан,
“Республикада экологик таълимни ривожлантириш ва эколог кадрларни тайёрлаш,
қайта тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш истиқболлари”
дастури ва концепцияси қабул қилингани ана шундай саъй-ҳаракатлар самарасидир.
Лекин экологик хавфсизлик ва атроф-муҳит муҳофазасига алоҳида эътибор қаратилаётган
бир пайтда экологик маданият тушунчасининг мағзини ҳамма ҳам бирдек англаб
етаётгани
йўқ. Табиат бойликларидан унумли
фойдаланиш, уларни муҳофаза қилиш масалаларини онгли равишда ҳал этиш учун
оила, мактабгача таълим муассасаларидан бошлаб болаларда табиатга меҳр-муҳаббат
руҳини шакллантириш,
экологияга
оид билимларни улар шуурига сингдириш даркор. Бу келажакда атроф-муҳитни муҳофаза қила оладиган
ва табиатдан оқилона фойдаланадиган авлодни
шакллантиришнинг муҳим шартидир. Зеро, ўсиб келаётган
ёш авлод табиат ҳақидаги билимларни эгаллаб, теварак атрофнинг нозиклигини, унинг гўзалликларини
қалбан ҳис қила олсагина, она-Ватанга, унинг
табиатига муҳаббати ошади.
Таълим муассасаларида ўқитиш жараёнида ўқувчилар онгини ҳозирги экологик муаммолар моҳиятини очиб
берувчи билимлар билан бойитиш ва шу
билимларни уларнинг амалий фаолияти, ижтимоий меҳнати билан мустаҳкамлаб бориш мақсадга мувофиқ.
Бундай масъулиятли вазифани ҳал қилиш
учун ўқитувчидан шу соҳа бўйича билимга, педагогик маҳоратга, юксак экологик маданиятга эга бўлиш,
шунингдек, тинимсиз изланиш, ўрганиш
талаб қилинади.
Бу борада ўқув муассасаларида “Экологик марказ”, “Экологик
тўгарак”ларни ташкил қилиш, мунтазам
равишда экофестиваллар ёки танловлар ўтказиб туриш,
ўқув-методик қўлланмалар, дарсликлар, кўргазмали материалларни нашр этиш яхши самара бериши,
шубҳасиз.
Экологик таълим-тарбияни юзага келтирувчи масканлардан яна бири,
бу —маҳалла. Дарҳақиқат, халқимизда табиатга бўлган эҳтиром тарих каби кўҳнадир. Шу маънода, азалий
қадриятларимиздан бўлмиш умумхалқ
ҳашарларини
ўтказиш ва уларга ёшларни кўпроқ жалб этиш айни муддао.
Умуман олганда, ўқув юртлари, оила, фуқароларнинг ўзини ўзи
бошқариш органларида ёшларнинг
узлуксиз
экологик таълим-тарбияси борасида самарали
тизимни яратиш бугун зиммамиздаги энг муҳим вазифалардан
биридир.
Бундан
ташқари, оммавий ахборот воситаларида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза
қилишга бағишланган туркум кўрсатув, эшиттиришлар, ижтимоий-экологик роликларни
мунтазам эфирга узатиб бориш, вақтли матбуот
нашрларида мақолалар чоп этиш орқали
тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш ҳам аҳолининг экологик маданиятини
оширишда муҳим аҳамиятга эга.
Мухтасар
айтганда, жамиятимизда ёшларнинг экологик-ҳуқуқий таълим-тарбияси, экологик
маданиятини юксалтиришнинг йўналишлари кўп. Энг муҳими, улар ҳаётимиз асоси
бўлган табиат неъматларини асрашга хизмат
қилсагина, олдимизга қўйган
мақсадларимизга эришамиз.
Экология (юн. Oikos – уй, тураржой ва …логия) –
организмдан ҳар хил даражада юқори турадиган системалар; популяциялар,
биоценозлар, биогеоценозлар (экосистемалар) ва биосферанинг тузилиши, уларда
кечадиган жараёнларни ўрганадиган биология фанлари мажмуи. Экология организмда
ва улар билан атроф муҳит ўртасидаги ўзаро муносабатларни ўрганадиган фан сифатида
ҳам талқин қилинади. Экология ўрганадиган объектларига кўра, умумий ва
хусусий Экологияга ажратилади.
Умумий Экология организмдан юқори турадиган ҳар хил
системаларнинг тузилиши ва функциясини ўрганади. У популяциялар Экологияси, биоценология,
экосистемалар Экологияси каби бўлимлардан иборат. Популяциялар Экологияси
популяцияларининг структураси ва миқдорий динамикасининг умумий қонуниятлари
ҳамда ҳар хил турлар популяциялари ўртасидаги ўзаро муносабатлар (рақобат,
йиртқичлик)ни тадқиқ қилади. Биоценология (ҳамжамоалар Экологияси)
биоценозларнинг тузилиши қонуниятлари, таркиби ва функциясини ўрганади.
Хусусий
Экология. муайян таксономик гуруҳга мансуб организмларнинг муҳит шароитига
муносабатлари мажмуини ўрганади (мас., хашоратлар Экологияси). Баъзан хусусий
Экологияга муайян экосистема ва ҳамжамоани ўрганадиган фан сифатида ҳам
қаралади (масалан, қишлоқ ҳўжалигидаги экосистемалар Экологияси – агроэкология;
ўсимликлар ҳамжамоалари Экологияси – фитоценология). Сув экосистемалари ва
сув организмлари Экологиясини ўрганадиган гидробиология ҳам Экологиянинг бир
қисми ҳисобланади. Экология. аутэкология (ҳар хил мухит омилларининг алоҳида
турларга таъсирини ўрганадиган фан) ва синэкология (организмлар ва улар
мажмуалари ўртасидаги муносабатларни органадиган фан)га ҳам ажратилади.
“Экология.”
терминини 1866 йили. немис олими Геккел организмларнинг атроф муҳит билан
муносабатларни белгилаш учун таклиф этган. Экологиянинг фан сифатида юзага
чиқиши 18 – 19 – асрларда яшаган натуралистлар ва географларнинг ишлари билан
боғлиқ. 19 – асрнинг охири ва 20 – асрнинг бошларида тадқиқотчилар айрим
омиллар, айниқса, иқлимнинг ўзгариши, организмларнинг тарқалиши ва динамикасига
таъсир этишига эътибор беришди. Айни шу даврда организмларнинг бир бутун мажмуи
бўлган табиий биоценозлар тўғрисидаги тасаввурлар шакллана бошлайди.
Экология. 20 – асрнинг
20 – 30 – йилларида жадал ривожлана бошлади. Бу даврда америка зоологи Ч.Элтон
популяциялар ва ҳамжамоаларни ўрганишнинг асосий вазифаларини кўрсатиб берди;
италиялик ва америкалик математиклар В.Вольтерра ва А.Лотка популяцияларнинг
ўсиши, ўзаро таъсирининг математик моделларини таклиф этишди; рус микробиологи
Г.Ф.Гаузе бу моделларни тажрибада синаб кўради. Худди шу даврда гидробиологияда
тирик организмлар орқали моддалар ва энергия ўзгаришини миқдорий жиҳатдан
ўрганиш бошланади. Бир – бири ва нотирик атроф муҳит билан ўзаро боғланган
организмлар комплекслари тўғрисидаги тасаввурларнинг шаклланиши инглиз ботаниги.
А.Тенслининг “экосистема” (1935) ва рус ботаниги В.Н.Сукачевнинг “биогеоценоз”
(1940) тушунчаларининг яратилиши билан боғлиқ.
20 – асрнинг 50 –
йилларида умумий Экология шаклланди. Тадқиқотчиларнинг асосий ишлари
организмлар ва улар ҳосил қиладиган системаларнинг ўзаро таъсирини ўрганишга
қаратилади. Экология тадқиқотларида миқдорий методлар кенг тарқала бошлайди;
лобаратория ва табиатда ўтказиладиган тажрибалар ҳамда математик
моделлаштиришлар кенг қўлланила бошланди.
20 – асрнинг 2 – ярмида одамнинг биосферага
салбий таъсири кучайиши натижасида экологик кризиснинг юзага чиқиши ва табиатни
муҳофаза қилиш ишларини кенг миқёсда амалга ошириш заруриятининг туғилиши билан
Экологиянинг амалий аҳамияти кескин ошиб кетди; кўп табиий фанларни
“экологиялаштириш” бошланди; Экология билан фалсафа, социология
ва бир қанча фанлар ўртасида узвий боғланиш пайдо бўлди. Ҳозирги
даврда саноат ва қишлоқ ҳўжалиги ишлаб чиқариши, транспорт, қурилиш, илмий –
техникавий, демографик муаммоларни ҳал этиш ҳамда табиий ресурслардан рационал
фойдаланиш йўлларини ишлаб чиқишда экологик ёндашув зарур бўлиб қолди.
Ўзбекистонда Экологиянинг ривожланиши
Д,Н.Кашкаров, А.Л.Бродский, Т.З.Зоҳидов ва бошқаларнинг ишлари билан боғлиқ. Д.Н.Кашкаров
умуртқали ҳайвонларни ўрганган ва биринчи бўлиб, ҳайвонлар экологияси
дарслигини яратган. А.Л.Бродский тупроқда судралиб юрувчи умуртқали
ҳайвонларни, Т.З.Зоҳидов Қизилқумда яшовчи умуртқали ҳайвонларни биологик
жиҳатдан тадқиқ қилган. Ўсимликлар экологиясига оид тадқиқотлар Қ.З.Зокиров,
А.М.Музаффаров, И.И. Гранитов ва уларнинг шогирдлари томонидан кенг миқёсда
олиб борилмоқда (яна қишлоқда Табиатни муҳофаза қилиш).
Ҳозирги
вақтда экологик муҳитни муҳофаза қилиш долзаб масалалардан бири бўлиб турибди.
Ер юзида ахоли сони йил сайин ўсиб бормоқда, табиий ресурсларни истеъмол
қилишнинг кўлами кенгайиб, сурати ортиб бормоқда. Инсоннинг теварак-атрофдаги
муҳит билан ўзаро муносабати эса мураккаблашмоқда. Одамларнинг хўжасизлиги
натижасида экология захарланиб шундай муҳит юзага келдики, у бугунги кунда
бутун ўсимлик, хайвонлар шунингдек одамларнинг яшашида турли муаммоларни
келтириб чиқармоқда.
Шу
сабабли атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиат бойликларидан унумли фойдаланиш
масаласи ҳозирги кунда инсоният учун тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Шунинг
учун экология мкаммоларини яхши англаб олиш ҳамда уларни тўғри хал қилиш
жамиятнинг ва ҳар бир кишининг ҳаётийзаруратига айланиши лозим.
Авваллари
биз экология муаммоларини ўрганар эканмиз, фан ва техниканинг ривожланиши
табиатга борган сари кўпроқ зиён етказяпти деган жуда содда хулосалар чиқарар
эдик. Бу муаммони мукаммалроқ ўрганар эканмиз, аста-секин фикрларимиз
чуқурлашиб борди ва экологик муаммоларининг сабаби фан ва техниканинг
ривожланиши эмас, балки инсон омили, унинг маънавияти даражаси
ҳамда ички дунёсининг мукаммаллик даражаси эканлигини
тушундик.
Экологик
муаммолар бошқа барча муаммолар сингари инсоннинг ички дунёси, унинг
маънавиятининг даражаси билан боғлиқ бўлиб, инсон ички дунёсининг ташқи
дунёдаги акси сифатида қаралиши керак. Ҳозирги экологик аҳволнинг асосий
сабабчиси инсоннинг ички муҳити, унинг дунёқараши ва унинг идрок даражасидир.
Ҳозирги
даврда бизнинг аҳолимиз орасида табиат инсон учун деган фикр ўрнашиб қолган.
Биз ўзимизни табиатдан ажратиб, алоҳида юқори бир поғонада кўрамиз ва ҳис
этамиз. Биз инсонни табиатнинг шохи сифатида тадқиқ қилишга ўрганиб қолганмиз.
Ўз-ўзидан борлиқни бундай қабул қилиш нотўғри дунёқарашга сабаб бўлади.
Натижаси эса ҳаммага аён экологик танглик тобора кучайиб боряпти. Бу масалани
мактабларда ва бошқа ўқув даргоҳларида
экологик билим ва экологик тарбияга катта эътибор
берган ҳолда ҳам тўлиқ ҳал этиб бўлмайди, чунки инсоннинг ички дунёси яхлит бир
мураккаб тизим бўлиб, уни фақат бир кичкина бўлагини ўзгартириш билан бирор бир
аҳамиятлироқ натижага эришиш мумкин эмас. Экологик тарбия яхлит маънавиятнинг
ажралмас қисмидир, шунинг укчун биз ҳозирги даврда ҳар бир инсоннинг
маънавиятини, жумладан борлиқни ўзгартиришимиз лозим.
Кузатувчиларнинг
фикрича, сўнгги йилларда дунё миқёсида ўғил болаларга нисбатан қизлар кўпроқ
туғилаётган экан. Бунга атроф-муҳитдаги мувозанатнинг бузилгани сабаблардан
бири сифатида баҳоланмоқда. Таҳлиллар шуни кўрсатганки, лок-бўёқ ҳамда
электроника маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган корхоналардан чиқадиган заҳарли
моддалар дунёга келаётган чақалоқлар жинсининг ўзгариб кетишига таъсир қилар
экан. Бундан ташқари, ярим хлорланган бифилинлар ҳам қиз жинсига мансуб
болаларнинг ўғил болаларга нисбатан уч баробар кўп туғилишига олиб келувчи омил
ҳисобланиши олимларнинг
хулосаларида ўз аксини топган. Хусусан, ҳомиладор
аёлларнинг ярим хлорланган бифилинлардан заҳарланиши оқибатида ўғил болаларнинг
дунёга келиши 33% га қисқарар экан.
Шу ўринда савол
туғилиши табиий. Хўш, ярим хлорланган бифилинлар ўзи нима? У қачон пайдо бўлган
ва инсоният учун қандай хавф туғдиради? Маълумотларга қараганда, бундай кимёвий
воситалар илк бор бундан 80 йил муқаддам аниқланган. Орадан бир қанча вақт
ўтгач, унинг таркибидан лок ва бўёқлар ажратиб олиш ўзлаштирилган. Лекин тез
орада унинг атроф-муҳитга кучли зарарли таъсири маълум бўлади. Айниқса ўтган
асрнинг 70-йилларида мазкур кимёвий моддадан Японияда 14 минг кишининг
заҳарланганидан сўнг, уларни қўллаш кескин танқид остига олинди. Мазкур салбий
ҳолатга олимлар “бўёқ хасталиги” деб ном ҳам беришди.
Атроф-муҳит
бузилишининг олдини олиш мақсадида 1958 йилда денгизларнинг ифлосланишига қарши
курашиш бўйича халқаро конвенция қабул қилинди. Маълумотларга кўра, ўтган
асрнинг 70-йиллари ўрталаридан турли сабабларга кўра, йилига 6 миллион тонна
нефт маҳсулотлари сувга қўшилиб кетга бўлса, 70-йилларнинг охирига келиб, бу
кўрсатгич 10 милион тоннага етган. Бундан ташқари, ҳар куни денгизларга
таркибида симоб бўлган қарийб 5 минг тонна чиқинди ташланган.
1976
йилда махсус комиссия томонидан олиб борилган текширишларда ана шундай
чиқиндилардан заҳарланган балиқларни истеъмол қилгани туфайли одамларда 292
турдаги касалликлар келиб чиқиши аниқланган. Ачинарлиси, ана шу хасталикларнинг
айримлари инсоннинг бевақт ҳаётдан кўз юмишига олиб келади.
Жахон
оммавий ахборот воситаларида инсоннинг табиатга ҳар қандай таъсири ҳақида
бири-биридан шов-шувли материаллар кўпаймоқда. Улардан бирида
ёзилишича, Австралиянинг жанубий-ғарбий қирғоқларида
80 дан зиёд кит ва делфинлар ихтиёрий равишда сувдан ташқарига чиқиб қолишган. Ажабланарлиси,
мутахассислар буни денгиз сут эмизувчиларининг оммавий тарзда ўз жонларига қасд
қилиш харакати дея баҳолашмоқда.
Текширишлар
шуни кўрсатмоқдаки, ўзига бундай қисматни раво кўраётган денгиз жонзотларининг
қарийб барчаси мовий уммонда улкан кемалар парракларидан жиддий яраланишган.
Экологлар фикрича, уларнинг бундай ғайритабиий ҳаракатлари денгизларда сув
транспорти қатновини камайтириш ва тартибга солиш талаб қилинган ўзига хос
исёни бўлиши мумкин.
Маълумки,
транспортлардан чиқарилаётган зарарли унсурлар таркибида карбонат ангидрид,
углеводород, азот оксиди, алгедид, қўрғошин бирикмаси, бензаперин ва қурум каби
моддалар мавжуд. Уларнинг меъёридан ортиши инсон
саломатлигига жиддий зарар етказади-юрак хасталиги,
нафас сиқиш, бош оғриғи хуруж қилади. Айниқса болаларнинг турли ҳил
касалликларга осон чалинишига сабаб бўлади.
Тошкент
вилояти табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси “Тошкент ҳақиқати” газетасида “Табиат
ва инсон” саҳифасини очган. Бу саҳифада атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳақидаги
янгиликлар, хабарлар чоп этилмоқда.
Масалан, “Дуч келган
жой-чиқиндихона эмас”. Яшаб турган жойларимизни турли чиқиндилар билан
ифлослантириш, аввало ўзимиз, қолаверса, келажак авлод соғлиғига салбий таъсир
қилишини тиббиёт ходимлари мунтазам таъкидлаб келишади. Минг афсуски, баъзи
фуқароларимиз, ҳатто айрим мансабдор шахслар ҳам бу масалага панжа орасидан
қарашади.
Аммо, табиатни асраш
ва муҳофаза қилиш, бизнинг, сизнинг, барчанинг ишидир. Чунки инсон соғлиғи
унинг энг катта бойлиги ҳисобланади. Соғлом турмуш тарзимиз атроф-муҳитимиздаги
холат, истикомат қилаётган
ҳудудимизнинг экологик муҳити қай даражада эканлиги
билан боғлиқ.
Ҳозирги вақтда
дунё миқиёсида юзага келаётган экологик муаммоларни бартараф этиш борасида
халқаро ташкилотлар, жумладан БМТ, ЮНЕСКО томонидан бир қанча ишлар олиб
борилмоқда. Шунингдек, давлатимиз мазкур соҳа учун кадрлар тайёрлашга катта
эътибор бераяпти. Хусусан БМТнинг барқарор ривожланиш учун таълим бўйича
2005-2014 йилларга мўлжалланган декадаситавсияларини эътиборга олиб, Ўзбекистон
Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим, хлқ таълими вазирликлари ва Ўзбекистон
Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси қўшма қарорлар қабул
қилинган. Жумладан, “Республикамизда экологик таълимни ривожлантириш ва
экологик қадирларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш тизмини
янада такомиллаштириш истиқболлари” тўғрисидаги дастур ва концепция, эколог
кадирлар тайёрлаш ва уларни иш билан таъминлаш, таълим муассасаларида экология
мавзусига қаратилган тўгараклар, музейлар ташкил этиш тўғрисидаги қарорлар
таълим-тарбия жараёнларига тўла тадбиқ этиб келинмоқда.
Ҳар бир
оила, маҳалла ва таълим муассасининг узвий ҳамкорлигида экологик
таълим-тарбиянинг изчил ривожланиши, ёшларнинг табиатга бўлган меҳрини
уйғотади, шакллантиради.
Ушбу сана
нимага муҳим?
- инсоният
фаровонлиги, атроф-муҳит соғломлиги, иқтисодиёт самарадорлиги еримизда мавжуд
бўлган табиий ресурсларни оқилона бошқаришимиз, улардан тежамкорона фойдалана
олишимизга боғлиқдир
- ҳозирги кунда
ер шаридаги кўплаб экотизимларнинг захиралари деярли бутунлай тугаб, ортига
қайтариб бўлмайдиган салбий жараёнларга юз тутган, бунинг устига
бутун дунёда
аҳолининг ўсиб бориши, иқтисодий ривожланиш каби омиллар мазкур муаммонинг
янада чигалланишига олиб келяпти
- 2050 йилга келиб дунё аҳолисининг сони 9,6 миллиардга етиб қолишини
инобатга олганда, табиий ресурсларни ҳозирги суръат ва ҳажмларда истеъмол
этишимизни, маҳсулот ишлаб чиқаришимизни давом этаверсак, келажакда бизга
ҳозирги ер шаримизнинг катталигидаги яна учта ер шари керак бўлади
Мазкур сана нафақат
она-ер туҳфаларини қадрлаш, еримизда мавжуд бўлган бой биологик хилма-хилликни
асраш кунидир. Ушбу кунда биз барчамиз она-еримизни қандай қилиб муҳофаза
қилишимиз, унинг табиатини қандай асрашимиз, ҳозирда долзарб бўлиб қолган
экологик
муаммоларни қандай ечишимиз мумкинлиги тўғрисида чуқур ўйлашимиз,
ер-шаримизни янада гўзалроқ, соғломроқ қилиш йўлларини излашимиз лозимдир.
БМТ ушбу санани қай тарзда нишонлайди?
Мазкур санани нишонлаш
билан боғлиқ кенг кўламдаги тадбирларни муайян бир шиор остида, ёки мавзуда
ўтказиш вазифаси ҳар йили алоҳида бир мамлакатга юклатилиб, шу мамлакатда 5 июн
куни тўғри келадиган ҳафта давомида халқаро кўргазма ташкил этилади. 2015 йилда
ушбу сана “Етти миллиард орзу. Ягона сайёра. Истеъмолимизда тежамкор бўлайлик ”
шиори остида нишонланиб, тегишли тадбирлар Италияда ташкиллаштирилди.
Мазкур санани нишонлашда
бутун дунё бўйлаб 70 та мамлакатда миллионлаб одамлар иштирокида кенг кўламли
тадбирлар ўтказилади. Ҳар йили кекса ва ёш фаоллар турли кўргазмалар,
атроф-муҳитни тозалаш ишлари, ҳашарлар, концертлар, ОАВ иштирокидаги бир қатор
тадбирлар, турли танлов ва мусобақалар ташкиллаштиришда қатнашадилар.
Комментарии
Отправить комментарий