“Ўлкашунослик адабиётларини тарғиб қилиш”

                      “Ўлкашунослик адабиётларини тарғиб қилиш” 
                                          номли услубий тавсиянома

        Ўлка ҳақидаги адабиётлар ҳар хиллигига қарамай, уларнинг ҳаммаси бир мақсадга – ўлка (қишлоқ, шаҳар, вилоят, туманлар) ҳаётининг турли томонларини ўрганиш, текшириш асосида яратилган бу китоблар шу ўлкаларни кейинги авлодлар ўрганиши учун хизмат қилади. Мамлакатимизнинг мустақилликка эришиши ўсаётган авлодга халқимизнинг асрлар давомида яратган маънавий қадриятларига таянган ҳолда тарихий ва илмий жиҳатдан асосли таълим ва тарбия беришнинг анъанавий, миллий шаклларини ривожлантириш учун катта имкониятлар очиб берди.Ўз ўлкасининг тарихи, маданияти, санъатини ва унда амалга оширилаётган улуғвор ишларни билиш ва ўрганиш ҳар бир инсоннинг виждон олдидаги бурчидир.Ўлка ҳақидаги адабиѐтларни кенг тарғиб қилишда ахборот-кутубхона маркази  ва кутубхона ходимлари китобхонларга ўз ўлкасини яхши билишга яқиндан туриб ѐрдам беришлари керак. Китобхон ўзи туғилиб ўсган ўлкасининг табиий тузилишини, қадрдон халқ, унинг тарихи, маданияти ва тилини севмасдан туриб бошқаларда ўзига нисбатан ҳурмат ва дўстликни қарор топтира олмайди. Шуларни ҳисобга олиб, ахборот –кутубхона марказлари ҳамда кутубхоналар ўлкашуносликка оид адабиётлар тарғиботига алоҳида эътибор берган ҳолда иш олиб боришлари лозим.
             Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ҳудуд ҳақидаги бадиий асарлар, хотиралар, хатлар, адабий-танқидий мақолалар, энциклопедия, вақтли матбуот, монография, қадимий қўлёзмалар, маҳаллий адиблар ва маҳаллий улуғлар ҳақидаги битиклар, минтақа ҳақида маълумот берувчи китоблар, туман, шаҳар, республика матбуотида чоп этилган мақолалар бундай маълумотларнинг манбалари саналади. Ахборот –кутубхона марказларида ҳамда кутубхоналарда ўлка ҳақидаги адабиётларни тарғиб қилиш йўллари турли-тумандир ва бу йўлда улар тарғиботнинг китоб тақдимоти, илмий-амалий анжуман, китобхонлар конференциялари, савол-жавоб кечалари, учрашув кечалари, давра суҳбати,  мунозара кечалари, адабий-бадиий кечалар,  китоб кўргазмалари ва кўргазмадаги адабиётлар обзори сингари турли-туман шакл ва усулларидан фойдаланишлари мумкин. Тадбирларга диншунослар, фольклоршунослар, тарихчилар, файласуфлар, адабиётшунослар, санъаткорлар, журналистлар, ёзувчи ва шоирлар, жамоат ташкилотлари вакиллари, ўлкашунослик музейлари ходимларини жалб қилиш хамда Республика маънавият тарғибот марказининг жойлардаги бўлимлари, “Маҳалла”, “Олтин мерос”, “Соғлом авлод учун”, “Нуроний”,  жамғармалари, Ёзувчилар уюшмаси вакиллари билан ҳамкорлик қилишни маслаҳат берамиз.
Ўлка ҳақидаги адабиётларнинг хиллари ва турлари
          Ўлка – бу турли миллат кишиларини ягона жамоага бирлаштирувчи умумий ҳудуд. Ўлка деб географик, ижтимоий ва маданий тарихий ўзига хосликка эга бўлган ва унда яшовчи аҳоли ўртасида маълум иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий алоқалар ўрнатилган ҳудуд тушунилади. XX асрнинг 70-йилларида ўлка деганда ҳаттоки ҳажми жиҳатдан унча катта бўлмаган, маълум бир географик объектга тегишли ҳар қандай жой тушунилган. Ўлканинг энг сўнгги изоҳларидан бирида ўлка моҳияти жиҳатдан уни ким ва қайси мақсадларда ўрганилишига боғлиқ бўлган шартли тушунча сифатида баҳоланди: туман музейи учун шаҳар битта ёки бир қанча маъмурий туман бўлиши мумкин, мактаб учун, одатда, у ҳақидаги маълумот маҳаллий материал сифатида фойдаланиш мумкин бўлган туман бўлиши мумкин, бу мактаб атрофидаги ҳудуд, шаҳар, вилоят, республика ва ҳоказо. Шундай қилиб, ўлка ўзининг маъмурий ҳудудий чегарасига эга бўлган мамлакатнинг ҳар қандай кичик бир бўлаги, ҳудуди ҳисобланади. Ўлканинг шаклланиши аниқ тарихий шароитда кечади. Баъзан бунда аниқловчи жойнинг географик аҳволи бўлса, бошқа гал эса ижтимоий-иқтисодий ёки сиёсий, маданий жараёнлари бўлади. Бу ўзига хослик ўлкадаги ижтимоий ривожланишнинг умумий қонунлари шаклида акс этади. Ҳудуднинг кичиклиги ҳажми билан эмас, балки уни бошқа ҳар қандай жойдан ажратиб турадиган табиий тарихий хусусиятлари билан белгиланади. Узоқ йиллар мобайнида ўлкани ўрганиш манбаи, ўлка ҳақидаги социал ахборотни рўйхатга олиш ва тарқатишнинг асосий воситаси китоб бўлиб келган. Ҳозирга келиб ахборот манбаи бўлган ҳужжатлар доираси жуда кенгайган. Уларга китоблар ва бошқа қўлёзма ҳужжатлар билан бир қаторда, грампластинкалар, ленталар, грамёзувлар, хариталар, кинофотоматериаллар, электрон ҳужжатлар ҳам киради.
Ўлкашунослик ҳужжатларини танлашда мазмун белгиси асос қилиб олинади. Ўлкашунослик ҳужжатларининг мазмун белгиси қуйидагилар бўлади:
1. Ўлканинг географик ҳолати, рельефи, иқлими, фойдали қазилмалари, сув манбалари, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, табиатни қўриқлаш фаолияти ҳақидаги ахборот маълумотларнинг мавжудлиги;
2. Ўлка ташкилотларининг фаолияти (сессия, пленум, конференция, кенгаш материаллари) ҳақидаги ахборот;
3. Ўлка аҳолисининг ўлканинг ижтимоий, сиёсий ҳаётида иштироки, ҳақидаги ахборотнинг мавжудлиги;
4. Ўлкада саноат, қишлоқ хўжалик, транспорт ва халқ хўжалигининг бошқа тармоқлари ҳақидаги ахборотнинг мавжудлиги;
5. Ўлканинг фани, маданияти, маорифи, шунингдек, ўлканинг фахри бўлган шахслари ҳақидаги ахборотлар акс эттирилган ҳужжатлар бўлиши мумкин.
Мазмунан деганда, ҳужжатда ўлка ҳақидаги ахборотнинг мавжудлиги тушунилади. Ўлкашунослик ҳужжатларини аниқлашда унинг нашр жойи, тили, хили, тури, ҳажми ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Ўлканинг машҳур шахслари ҳақидаги асарлар ва у шахсларнинг асарларини ўлкашунослик адабиётлари таркибига киритиш масаласи ҳам мунозара бўлиб келмоқда. Уларни икки қисмга ажратиш мумкин:
1.Ўлка билан ўз ҳаёти ва ижодий фаолиятининг боғлиқлиги ҳақида ҳикоя қилувчи матбуот асарлари. Бундай асарларда ўлка ҳаётининг у ёки бу томони ёритилган бўлиши мумкин ёки у шахс ўз фаолияти билан ўлка ҳаётида муҳим из қолдирган бўлиши мумкин.
Булар, албатта, ўлкашунослик ҳужжатлари бўлади.
2. Шу ўлкада яшаётган ёки туғилган шахс бўлса, у ерда ҳеч қандай муҳим иш бажармаган ёки ижоди ҳам ўлка билан боғлиқ бўлмаса, у ҳақидаги асар мутлақо ўлкашунослик ҳужжати бўла олмайди. Ўлкашунослик ҳужжати нашр тури ва хилидан қатъий назар, ўлка билан боғлиқ ахборотни ўз ичига олади. У босмахона йўли билан босилган матнли ҳужжат, ротопринтдан чиқарилган ҳужжат, ксеро нусхаси олинган ҳужжат бўлиши мумкин. Ўлкашунослик ҳужжатларининг турлари ва хиллари қуйидагиларга ажратилади.
Турлари: китоблар, кичик рисолалар, вақтли ва давомли нашрлар, улардаги мақолалар, аудиовизуал ҳужжатлар (нота, хариталар, эстамплар, бадиий репродукциялар, плакатлар, откриткалар, альбомлар, шунингдек, киноматериаллар, пластинкалар, магнит тасмалари, видоекассеталар, электрон дисклар) ва бошқалар бўлиши мумкин.
Хиллари: илмий, илмий оммабоп, ишлаб чиқариш, маълумотнома, ўқув адабиѐтлари ва ўлка ҳақидаги бадиий асарлар.
Кейинги йилларда турли ўлкаларга, мамлакатимизнинг шаҳар ва туманлари, вилоятлари, тарихий жойларига бағишланган китоблар кўплаб чиқарилмоқда.
Маҳаллий (вилоят, шаҳар, туман) газеталар ўзида 80 фоиздан ортиқ шу маҳаллий жой ҳаѐтининг турли масалалари, томонларига бағишланган мақолаларни ѐритиб борганлиги сабабли улардан ўлкашунослик маълумотларни қидиришда муҳим манба сифатида фойдаланиш мумкин.
Яна бир томони, бундай газеталар саҳифаларида босилган мақолалар бошқа ҳеч бир манбада босилмайди, улар мазмун жиҳатдан ўлкага оид муҳим маълумот бўлиши мумкин. Шу сабабли маҳаллий вақтли нашрлар катта аҳамиятга эга бўлган ўлкашунослик ҳужжатларининг турига киритилиши мумкин. Универсал ва тармоқ журналлар, газеталар, тўпламлар саҳифаларида ўлкашунослик материаллари ёритиб борилади.
Ҳозирда хариталар, фотоальбомлар, мусиқа нота асарлари ҳам кўп. Масалан, ҳар бир вилоятнинг ўз харитаси мавжуд. XX асрнинг 70 йиллари охирларида барча вилоятларга бағишлаб фотоальбомлар чиқарилган. Айниқса, Самарқанд, Хива, Бухоро вилоятларига бағишланган фотоальбомлар кўплаб чиққан. Мусиқа нота асарлари ҳам кўп, масалан: София Сафтарованинг “Самарқанд” қўшиғи, М. Азимовнинг “Азим Бухоро”, машҳур “Ялла” ансамблининг “Тошкентим онам” қўшиғи ва ҳоказо.
Ҳозирги ахборотлаштириш асрида ўлкашунослик ҳужжатларининг хиллари жуда кўп. Ўлкашунослик ҳужжатларининг нашр хиллари ҳам турлича. Улар материалнинг баён қилиниши ва китобхонлик доираси, мақсадига кўра ажратилади.
Ўлкашунослик ҳужжатларининг қуйидаги хиллари бор: илмий, ўқув, ишлаб чиқариш, илмий-оммабоп, маълумотнома характеридаги асарлар. Ўлкашунослик ҳужжатларининг ичида яна ўлка ҳақидаги бадиий асарлар хилини ажратиш мумкинки, уларнинг аҳамияти юқоридаги хилларга нисбатан кам эмас.Ўлкашунослик мазмундаги илмий асарлар (илмий-тадқиқот хусусиятли) ўлкашунослик ҳужжатларининг катта қисмини ташкил қилади. Уларда ўлка билан боғлиқ бўлган ёки ўлканинг айрим масалалари: ижтимоий, халқ хўжалиги, илмий, маданий ҳаётининг алоҳида томонлари, ўтмиш тарихи, унинг машҳур шахсларига бағишланган маълумотлар илмий асосда ёритилади.Ўлка ҳақидаги илмий адабиётларнинг асосий мақсади ўлка меҳнаткашларига мамлакат ишлаб чиқариш, ижтимоий, иқтисодий ҳаётидаги ҳамма вазифаларни муваффақиятли бажаришга ёрдам беришдир. Уларнинг мавзуий доираси кенг, лекин улар ичидан энг асосийларини ажратиш мумкин. Ўқув адабиёти бўлажак мутахассисларга мустақил билим беришга мўлжалланган. Ўрта мактаб ўқув дастурларида ўлка мавзусига ҳозирча алоҳида ўрин ажратилган бу адабиёт кўпроқ ўқитувчилар учун услубий қўлланмалардан иборат. Ўлка ишлаб чиқаришига оид адабиётлар, асосан, халқ хўжалигининг ҳамма тармоқлари, улардаги ютуқлар, тажрибалар, ишлаб чиқаришни ташкил этиш масалаларини ёритувчи кўп нусхадаги китоб ва кичик рисолалардан иборат.
Масалан, Ҳ.Ҳайдаров, М.Пардаев Ғаллаоролнома” (1990), Б.Эралиев, М.Қораевнинг, Саъд Ибн Ваққос Зиёратгохи (2016),Ф.Тошбоевнинг Устиршона чорводорларининг антик даврдаги маданияти(2014) ва бошқа нашрлар мисол бўла олади.
Ўлка ҳақидаги илмий-оммабоп адабиётлар мазмунига, китобхонлик доирасига, нашр шаклига кўра турларга ажратилади. Мазмунига кўра ўлка ҳақидаги умумий ишлар (ўлкага тўлиқ оид бўлган), ўлка ҳаётининг алоҳида соҳаси, мавзусига оид ишлар, ўлка билан у ёки бу томондан боғлиқ бўлган ўлканинг машҳур шахслари (арбоблари) ҳақидаги асарларга бўлинади.
           Ўлкага оид маълумотнома адабиётлари энциклопедиялар, маълумотномалар, йўл кўрсаткичлар, фотоальбомлар, харита ва атласлар, китоб хатчўпларини ўз ичига олади. Энциклопедиялар универсал ва тармоқ энциклопедияларга ажратилади. Универсал “Ўзбекистон Миллий энциклопедияси” материалларининг 40 фоиздан ортиғини Ўзбекистоннинг турли вилоятлари, шаҳарлари, туманлари, географик жойлари, тоғ-кўллари, йирик иншоотлари ва ҳоказоларга бағишланган ўлкашунослик маълумотлари ташкил этади.
“У ким? Бу нима?” болалар энциклопедияси, “Уй-рўзғор энциклопедияси” универсал нашрлар ҳам бой ўлкашунослик маълумотларини ўзида мужассамлаган. “Тошкент” энциклопедияси (Т., 1983; 1993) айнан ўлкага бағишланган соф ўлкашунослик энциклопедияси ҳисобланади.
Тошкент шаҳрининг 2200 йилик юбилейи муносабати билан чиқарилган “Тошкент” энциклопедияси ҳам бунга яққол мисолдир.
Янги турли йўл кўрсаткичлар ҳам талайгина. Жумладан, “Тошкент кўчалари”, “Тошкент театрлари”, “Тошкент музейлари”, “Самарқанд архитектура ёдгорликлари”  ва бошқалар.
Хива ва Бухоро шаҳарларининг 2500 йиллигига бағишлаб фотоальбом 1997 йилда чиқарилди. Шунингдек, Самарқанд шаҳрининг 2750 йиллигига бағишланган фотоальбом ҳам (2007) чиқарилган. “Тарихий Самарқанд” (XIX-XX асрларига оид фотосуратлар (2007), С. Джанахмедовнинг “Қорақалпоғистон” (альбом) иллюстрациялари (2007), “Навоий – саҳро бағридаги мўъжиза шаҳар” китоб-альбоми (2008), “Кўҳна Бухоро” номли XIX аср охири XX аср бошларига оид гравюра, фотосуратлар, откриткалар акс этган альбом (2008) ва бошқалар нашр этилган. Шунингдек, ўлка ҳақида билбиографик қўлланмалар ҳам нашр этилган.

Ўлкашунослик ҳужжатларини тарғиб қилиш бўйича намунавий тадбирлар туркуми
“Ўлкам тарихи ва бугуни” мавзусида китоб кўргазмасини ташкил этиш учун материаллар
Таклиф этилаётган кўргазма ахборот-кутубхона ва ахборот- ресурс марказларида, кутубхоналарда ўтказиладиган тадбирни тўлдиради.
Кўргазма қуйидаги бўлимларни ўз ичига олади:
1. Ўлкам тарихига бир назар
Бу бўлимда ўлка тарихига оид бўлган илмий нашрлар, монографиялар, рисолалар ва илмий мақолалар, ўлка ҳақидаги таржима асарлари ва бошқа адабиётларни намойиш этиш мумкин.
2. Ўлкам фахрим менинг
Шом, сахарни даласида кутган Ватан,
Ҳар эгатга меҳр бериб ўтган Ватан,
Она жиззах, райхон ҳидли тонгларингдан
Боласига ширмой узиб тутган Ватан!

Бу бўлимга ўлка географияси, экологияси, геологияси ҳақидаги маълумотлар акс этган адабиётлар, илмий мақолалар, хариталар, ўлка аҳолиси ва моддий ресурсларнинг жойланиш хусусиятларини акс эттирувчи адабиётлар намойиш этилади.
3. Ўлка анъаналари ва урф-одатлари
Бу бўлимда ҳудуднинг урф-одатлари, анъаналари, расм-русум, иримлари ва маросимлари ҳақида маълумот берувчи адабиётлар, илмий мақолалар, вақтли матбуот саҳифаларида чоп этилган манбаларни намойиш этиш мумкин.
4. Ўлкам – бадиий адабиётда
Ҳар тошингда мозийдан сир жойланган юрт,
Дунё бўйлаб сўз айтмоққа шайланган юрт,
Гавхар бўлиб Узбекистон қучоғида
Юрагимда бир қуёшга айланган юрт,

           Бу бўлимда адабиётшунослар, шоир ва ёзувчиларнинг бирон ҳудуд, ўлка, шаҳарни мадҳ этиб ёзган роман, қисса, достон, шеърий тўпламлари ва вақтли матбуот саҳифаларида чоп этилган мақолалари намойиш этилади. Шеърхонлик беллашувининг мақсади шоир ва шоираларнинг ўз ўлкаси ҳақида ёзган шеърларига китобхонлар қизиқишини оширишдан иборат. Шеърхонлик беллашувига шу ҳудуддаги мактаб, лицей, коллеж ўқувчилари, олий ўқув юрти талабалари, турли соҳа эгалари бўлган китобхонлар киритилиши мумкин. Шеърхонлик беллашуви ўтказиладиган ахборот-кутубхона марказларида, кутубхоналарда ўлка тарихи ва бугунини акс эттирувчи китоб-суратли кўргазмасини ташкил этишни, шунингдек, санъаткорлар томонидан ўлка ҳақидаги қўшиқлар ёзилган видеотасмалар, дисклар ҳам намойиш этишларини мумкин.
Қуйида шеърхонлик беллашувида айтиладиган шеърлардан намуналар келтирамиз.
1-рақамдаги қатнашувчи: Шахло Ахророва  “Она Жиззах”шеъри:
Темурга шон дарвозаси очиб берган,
Баҳорларга ўрик гулин сочиб берган,
Олимжонга бахтдан кўйлак бичиб берган,
Она Жиззах, тонгларга бахт элтган Ватан!

2-рақамдаги қатнашувчи: Шахло Ахророва  “Она Жиззах” шеъри.
Сангзор бўлиб туташади қирқ томиринг,
Қизғалдоқдан кўйлак кияр Бахмал – қиринг,
Ойқорингнинг манглайида ой чақнагай,
Булутга гул тўшар Фориш ҳам Зомининг.

3-рақамдаги қатнашувчи: Шахло Ахророва  “Она Жиззах” шеъри.
Ғаллаорол, шарбат оқар булоғингда,
Олтин жило берар ҳар бир бошоғингда,
Авлиёлар руҳи ухлар қабоғингда,
Она Жиззах,кўркда камол этган Ватан!

Беллашувни ҳакамлар маълум балл қўйиш билан якунлайдилар. Бунда ўлка ҳақидаги шеърларнинг маъно ва мазмуни, айтувчининг ижрочилик маҳорати ҳам эътиборга олинади. Ғолибларни совғалар билан тақдирлаш тавсия этилади. Совға тариқасида китоблар, гуллар ва эсдаликлар топшириш мумкин. Шунингдек, ҳомий ташкилотлар билан ўзаро алоқа ўрнатиб, қимматбаҳо совғалар билан тақдирлаш мумкин.
“Ўлка ҳақидаги адабиётларни ва манбаларни биласизми?” мавзусида билимдонлар беллашувини ташкил қилиш учун тавсиялар
Беллашувни ўтказишдан мақсад ўлка ҳақидаги, яъни ўлка табиати ва табиий бойликлари, қишлоқ ва ўрмон хўжалиги, соғлиқни сақлаш, фани, маорифи ва маданияти, адабий ҳаёти, дини ҳамда тарихи, ўлканинг машҳур кишилари тўғрисида ёзилган илмий ва бадиий асарларни ўрганиш ҳамда кенг китобхонлар оммасига тарғиб этишдан иборат.
Беллашув ўтказишдан олдин фаол китобхонлардан ҳар бири 8–10 кишидан иборат 2 та билимдонлар гуруҳи тузилади. Уларга, асосан, мактаб, лицей, коллеж ўқувчилари, олий ўқув юрти талабалари, турли соҳа эгалари бўлган китобхонлар киритилиши мумкин.
Беллашув ташкилотчилари икки гуруҳга мўлжаллаб саволлар тузиб қўяди. Берилаётган саволларга доир адабиётлар тайёр туриши керак. Беллашувга тайёрланиш жараёнида қатнашувчилар ўша манбаларни пухта ўқиб чиқишлари зарур.
Билимдонлар эътиборини ўлканинг этнографияси, топонимикаси, географияси, тарихий ёдгорликлари, санъат ёдгорликлари, миллий қадриятларига, халқ урф-одатлари, моддий ва маънавий маданиятига оид монография, китоблар, илмий ва бадиий асарлар, альбомлар, хотиралар, эсдаликлар, ёдномаларга қаратиш керак. Беллашув ўтказиладиган ахборот-кутубхона марказлари ва кутубхоналарда ўлканинг тарихи ва бугунини акс эттирувчи китоб кўргазмасини ташкил этишни тавсия этамиз.Қуйида билимдонлар беллашувига қўйиладиган саволлардан намуналар келтирамиз. Шунга қараб, билимдонлар қайси асарлардан ва манбалардан фойдаланишлари кераклигини билиб оладилар.
1. “Ўлка” тушунчасини изоҳлаб беринг?
(“Ўлка” тушунчаси тор маънода маҳалла, жамоа хўжалиги, қишлоқ, кенг маънода эса кишининг туғилиб ўсган қишлоғи, тумани, вилояти, шаҳрини билдиради).
2. Ўлкашунослик ташкилий жиҳатдан неча турга бўлинади?
(Ўлкашунослик ташкилий жиҳатдан уч турга бўлинади:
1. Илмий, яъни давлат ўлкашунослиги;
2. Жамоат ўлкашунослиги;
3. Мактаб ўлкашунослиги).
Айнан ўлка мавзусида ва ўлкани мадҳ этган шеърлардан мисоллар келтиринг ҳамда ихтиёрий биттасидан бир парча айтиб беринг.  
Булоқлардан оби-кавсар узатганим,
Шаммоласин камалакдан безатганим,
Бобурларни Пишоғордан кузатганим,
Она Жиззах,жаннатни лол этган Ватан!

1. Тарихий ўлкашунослик ёдгорликларига қандай нашрлар киради?
(Тарихий ўлкашунослик ёдгорликларига инсоният ҳаётидаги энг муҳим тарихий воқеалар, жамиятнинг босқичлари, инқилобий ҳаракатлар бўлиб ўтган жойлар, атоқли саркардалар, йирик давлат, фан ва маданият арбобларининг номлари билан боғлиқ воқеалар бўлиб ўтган жойлар, ўтмишда қолган қўлёзма асарлари ва шу кабилар киради).
2. Археологик ёдгорликлар нима ва уларга оид қандай нашрлар бор?
(Археологик ёдгорликларга кўҳна шаҳарлар, қўрғонлар, қалъалар, қадимий манзилгоҳлар, истеҳкомлар, корхоналар, каналлар, шунингдек, йўлларнинг қолдиқлари, қадимий дафн жойлар, тош ҳайкаллар, қоялардаги тасвирлар киради. Юқорида кўрсатилган манбаларнинг мавжудлигини акс эттирган илмий нашрлар, тадқиқотга доир нашрлар, у ёки бу кўринишда акс эттирилган китоблар, рисолалар, мақолалар киради).
3. Ўлка ҳақидаги ёдгорлик ҳужжатларига нималар киради?
(Ёдгорлик ҳужжатларга марказий ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва давлат бошқарув органларидан қолган турли ҳужжатлар, бошқа ёзма ва чизма ҳужжатлар, кино-фото ҳужжатлар ва овозли ёзувлар, шунингдек, қадимий қўлёзма ҳамда архив материаллари, фольклор ва мусиқа ёзувлари, нодир босма нашрлар киради).
4. Ўлка этнографик ва топонимик материалларини айтиб беринг?
(Ўлка этнографик ва топонимик материалларига халқ урф-одатлари, моддий ва маънавий маданият, халқларнинг эртак, фольклор, мифологияси ҳамда жой номларнинг илмий жиҳатдан келиб чиқишини ўрганишга оид бўлган манбалар киради).
5. “Хива” тарихий-этнографик очерклар рисоласи ким томонидан қачон нашр этилган? (“Хива” тарихий-этнографик очерклар рисоласи А. Абдурасулов томонидан тайёрланган ва 1994 йилда “Ўзбекистон” нашриётида нашрдан чиққан).
6. Ўлка адиблари ва шоирлари ҳақида нашр этилган қайси рисолаларни биласиз?
(М. Атаевнинг Устуршона олимлари”(2009),С,Тўйчиеванинг “Мунаввар замин”, О.Ҳусановнинг “Олимнинг ибратли олами”, Б.Эралиев, М.Қораевнинг “Саъд Ибн Абу Ваққос Зиёратгохи” (2016), ( мақолалар тўплами)  ва бошқалар).
Беллашувни ҳакамлар маълум балл қўйиш билан якунлайдилар. Бунда жавобларнинг тўғрилиги, батафсиллиги ҳам эътиборга олинади. Ғолибларни совғалар билан тақдирлаш тавсия этилади. Совға тариқасида китоблар, гуллар ва ўлка ҳомийларининг совғалари ҳамда эсдаликлар топшириш мумкин.
Ўлкашунослик адабиётлари тарғиботига бағишлаб ахборот-кутубхона  марказларида ўтказилиши мумкин бўлган тадбирлар туркуми
Китоб тақдимоти
1. “Ғалаоролнома” китоби.
2. Т.МақсуднингЎсмирга ошиқ” китоби,
3. Иброхим ДонишнингҲаёт китоби” китоби,
4. Ш.Рашидовнинг “Кашмир қўшиғи” китоби,
5. Ҳ.ОлимжонингЎлка” китоби,
тақдимоти
“Ўлкам тарихи”, “Ўлка санъати”, “Ўлкамиз – бадиий адабиётда”, “Ўлка табиати”, “Ўлканинг маориф ва маданияти”, “Ўлканинг адабий ҳаёти” каби мавзуларда китоб кўргазмаси ва кўргазмадаги адабиётлар обзори.
.
Билимдонлар беллашуви
1. “Ўлкамиз урф-одатлари ва миллий қадриятларини биласизми?”,
2. “Ўлка ёзувчиларини биласизми?”,
3. “Ўлка тарихини биласизми?”,
4. “Ўлка адабий муҳитини биласизми?”,
5. “Ўлка табиати ва ҳайвонот дунёсини ўрганамиз”,
6. “Ўлка урф-одат ва қадриятларини биласизми?”,
7. “Ўлка саноатини биласизми?”,
8. “Ўлка фермерларининг ҳозирги фаолиятини биласизми?”,
9. “Ўлка ўлкашунослик тўгаракларини биласизми?”,
10. “Ўлка меъморий ёдгорликларини биласизми?”,
“Ўлкам маданияти”, “Ўлкам полвонлари”, “Ўлкам санъати”, “Жонажон ўлкам”, “Ўлкам фахрийлари”, “Ўлкам қаҳрамонлари”, “Ўлкамизнинг машҳур кишилари”, “Қадриятлари қадрланган ўлкам”, “Тарихингдир минг асрлар...”, “Ўлка мустақиллик йилларида” каби мавзуларда китоб кўргазмаси ва кўргазмадаги адабиётлар обзори.
Давра суҳбати
1. “Ўлканинг тарихини ўрганишда мактаб ўлкашунослик тўгаракларининг ўрни”,
2. “Ёшларга ўлка урф-одатларини ўргатишда тўгаракларнинг ўрни”,
3. “Ўлка тарихининг ўқилмаган саҳифалари”,
4. “Замонавий ўзбек адабиёти тараққиётида маҳаллий адибларнинг ўрни”,
5. “Минтақадаги адиблар ижоди ва бугунги ўзбек адабиёти”,
6. “Минтақадаги рассомлар ижоди ва бугунги кунда уларнинг ўрни”,
7. “Ҳудуд санъаткорларининг ижоди ва бугунги санъатдаги ўрни” каби мавзуларда.
“Остонадан бошланар ҳаёт”, “Яшасин ҳамиша оламда меҳр”, “Ўлкам кўрки”, “Ўлкам рассоми”, “Ўлкамнинг ҳофизи”, “Ўлкам шоири”, “Ўлкам санъаткори”, “Ўлкам меъмори”, “Ўлкамизнинг машҳур кишилари” каби мавзуларда китоб кўргазмаси ва кўргазмадаги адабиётлар обзори.
Учрашув кечаси
1. “Ўлка меъморлари”,
2. “Ўлканинг илмий ҳаёти”,
3. “Ўлка археологияси ва этнографияси”,
4. “Ўлканинг маданий ҳаёти”,
5. “Ўлка адиблари”,
6. “Ўлка санъаткорлари”,
7. “Ўлканинг тарихий ѐдгорликлари ва тарихий жойлари”,
8. “Ўлканинг машҳур кишилари”,
9. “Ўлка шифокорлари”,
10. “Ўлкам фермерлари” каби мавзуларда.
“Ўлка – бадиий адабиётда”, “Ўлкада маданий ҳаёт”, “Ўлкам депутати”, “Ўлкам жамоли”, “Ўлкамни куйлайман”, “Қўшиғимдасан, ўлкам”, “Ўлкам спорти”, “Ўлкам табиати”, “Маданияти гуллаган ўлка” каби мавзуларда китоб кўргазмаси ва кўргазмадаги адабиётлар обзори.
“Энг буюк эслатма” рукни остида ўлка ҳақидаги нашрлар ва ўлкашуносликка оид қўлланмалар билан ахборот-кутубхона муассасаларининг  картотекаларини бойитиб бориш. Ушбу рукн юзасидан жамоа, овул, қишлоқ, туман, шаҳар, вилоят тарихини ва бугунини ёритадиган фотоальбом, фотовитрина, стенд ва паннолар, папкалар ташкил қилиш.
Хотира ва қадрлаш соати
1. “9 май – Хотира ва Қадрлаш куни”,
2. “Хотира муқаддас, қадр барҳаѐт”,
3. “Хотира китобини варақлаганда”,
4. “Хотира китобида ўлкам қаҳрамони”,
5. “31 август – Қатағон қурбонларини ёд этиш куни”,
6. “Ўлкамнинг ватанпарвар ва маърифатпарвар инсони”,
7. “Ўлкамнинг оташқалб фарзандлари”,
8. “Эл меҳрини қозонган санъаткор”,
9. “Халқимизнинг асл фарзандлари”,
10. “Унутмас ўлканг сени”,
11. “Фидойилик қурбони” каби мавзуларда.
“Инсон хотираси абадий”, “Ҳазон бўлган умидлар”, “Улар мангу тирикдир”, “Истиқлол учун қурбон бўлганлар”, “Сўнмас садо”, “ Мангу, барҳаёт улар”, “Хотирангиз – доимо қалбимизда”, “Ўлкамнинг ардоқли фарзанди”, “Руҳлари барҳаёт” каби мавзуларда китоб кўргазмаси ва кўргазмадаги адабиётлар обзори.
Қатнашувчилар: Республика Маънавият тарғибот марказининг жойлардаги бўлимлари, “Маҳалла”, “Олтин мерос”, “Соғлом авлод учун”, “Нуроний”, “Экосан” каби жамғармалар вакиллари,  ўлка ёзувчилари уюшмаси вакиллари, филологлар, тарихчилар, журналистлар, адабиётшунослар, тилшунослар, археологлар, этнографлар, меъморлар, санъатшунослар, ёзувчи ва шоирлар, архив, музей, тарихий маданият обидаларини муҳофаза қилиш ходимлари, ўлкашунослик музейлари ходимлари ва кенг китобхонлар оммасини жалб қилиш мақсадга мувофиқ.

Фойдаланилган адабиётлар
Кутубхоналарнинг ўлкашунослик иши: методик қўлланма /Тузувчи Ҳ. Маматраимова; муҳаррир Т. Егорова. – Т., 2003. – 41 б.
Маматраимова Ҳ. Кутубхона ўлкашунослиги ва ўлкашунослик иши: ўқув қўлланма. – Т., 2008. – 103 б.
Ёқубов Қ. Ўлка маданий меросини ўрганиш //Халқ таълими. – 1993. – № 6-7. – Б. 63.
Медетова Р. Ўлкашунослик материаллари ватанпарварлик тарбияси таянчи //Халқ таълими. – 1995. – № 7-8. – Б. 61-64.

Интернет тармоғидан фойдаланилди.

Комментарии

Популярные сообщения из этого блога

КУТУБХОНА ИШИДА ҚЎЛЛАНИЛАДИГАН ИЗОҲЛИ ЛУГАТЛАР

“АХБОРОТ-КУТУБХОНА ФОНДЛАРИНИ САҚЛАШ ”