“АХБОРОТ-КУТУБХОНА ФОНДЛАРИНИ САҚЛАШ ”

АХБОРОТ-КУТУБХОНА ФОНДЛАРИНИ САҚЛАШ

номли услубий тавсиянома

Ахборот-кутубхона фондларидаги нодир ва алоҳида қим­матли нашрларни эҳтиётлаб сақлашни таъминлаш, босма нашрлар, адабиёт ва санъат асарлари, қўлёзма ва график ҳуж­жатлар, шунингдек, аҳолида сақланаётган тарихий, илмий, бадиий ва маданий қимматга эга бўлган ноёб нашрларни сақлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар белгиланган.
      Бугунги кунда кутубхоналар фонди ва заҳираларида ўз­бек халқи ва бошқа халқларнинг моддий-маданий меросига бағишланган кўпгина қўлёзма, тошбосма китоб ва ҳужжатла­ри сақланиб келинмоқда. Фондларда нодир ва алоҳида қим­матли нашрларни эҳтиётлаб сақлаш, уларни консервация ва реставрация қилишнинг замонавий методларини жорий қи­лиш, босма нашрлар, адабиёт ва санъат асарлари, қўлёзма ва график ҳужжатлар, китоблар ва нодир нашр­ларнинг электрон фондини шакллантириш бугунги куннинг устувор вазифаларидан бири этиб белгиланган.
     Қўлёзмалар ва алоҳида қимматга эга нодир нашрларни сақлаш, жойлаштириш ҳамда фойдаланишда улар ҳолатини тавсиф этиш, консервациялаш, сақланаётган хужжатларнинг қоғози, блоки ва муқоваларининг шикастланиш ҳолатини ин­дентификациялаш, баҳолашни замонавий ахборот техноло­гияларининг махсус дастурий таъминотлари билан таъмин­ланган техник ускуналар ва жиҳозлардан фойдаланган ҳолда олиб борилиши ахборот-кутубхона ресурсларини нафақат сақланишида, балки улардан кенг фойдаланишда муҳим аҳа­мият касб этади.
       Мазкур услубий қўлланма қўлёзмалар ва алоҳида қим­матга эга нодир нашрларни сақлаш, жойлаштириш, улардан фойдаланишнинг услубий талабларига бағишланган бўлиб, унда фондларнинг шикастланиш турларининг классифика­цияси, келиб чиқиш сабаблари, сақланиши, зарарланиши, консервация қилиш усуллари, шу жумладан, сақлаш тарти­би, стабилизация қилиш, реставрация қилиш технологияси, нусха тайёрлаш ва улардан фойдаланиш борасидаги умумий талаблар ҳамда ахборот-кутубхона соҳасида қўлланиб кели­наётган замонавий техник ускуналар ва жиҳозларнинг мав­жуд модификацияси келтирилиши билан бир қаторда, уларни юзага келиши мумкин бўлган турли фавқулодда ҳолатлардан муҳофаза қилишда амалга оширилиши лозим бўлган тадбир­ларга қисқача тўхталиб ўтилган.
        Мазкур қўлланма ахборот-кутубхона муассасалари, қўлёз­малар, нодир ва алоҳида қимматли нашрлар билан ишловчи архив ва музей ходимлари, шахсий коллекционерлар ҳамда умуман китобларни сақлаш бўйича қизиқувчи мутахассислар учун мўлжалланган.





Ҳужжатларни cақлаш тартиби   

        Вақт ўтиши билан целлюлозани полимер занжирларининг бузилиши содир бўлади, целлюлозага хамроҳ бўладиган модда­ларнинг кимёвий тузилиши ўзгаради. Сақлаш режимига (ҳарорат – намлик, ёруғлик ва санитар-гигиеник қоидаларга) риоя қилмас­лик қоғознинг бузилиш жараёнини тезлаштириб юборади.
Фонд сақланаётган хоналарда нормал ҳаво шароити назора­ти барча ноёб ва архивда мавжуд коллекцияларни сақлашнинг иқтисодий жиҳатдан энг самарали ва узоқ муддатли усулидир.
Фонддаги ҳаво шароити коллекцияда мавжуд ҳар бир объ­ектнинг кимёвий ҳолати ёмонлашуви тезлигига ҳар куни 24 соат ва ҳафтасига 7 кун таъсир кўрсатади. Ушбу масала кутуб­хона ва архив коллекцияларини узоқ муддат сақлашни яхши­лаш учун муҳим аҳамиятга эга. Кимёвий бузилиш коллекция­да сақланаётган барча форматларда рўй берувчи ҳамма жойда учраб турадиган ҳодисадир, лекин кимёвий емирилиш бошқа­ларига қараганда баъзи сақлаш воситаларида (масалан, рангли фотосуратлар ва негативлар, ишқори кўп қоғоз) жуда тез суръ­атда кечади. Коллекциянинг ишдан чиқиш суръатини матери­аллар ўтмишда қандай сақлангани (масалан, бино чордоқлари сингари ўта иссиқ ёки нам шароитлар) ва воситаларни ишлаб чиқаришда фойдаланилган хом ашёда кимёвий барқарорлик 6 ёки унинг «ички иллат» деб аталадиган етишмовчилиги син­гари назорат қилиб бўлмайдиган омиллар ҳам оғирлаштиради.
Ҳужжатларни мақбул сақлаш шароити инсон учун қулай ҳолатдан бошланади ҳамда совуқ ва қуруқ бўлиб боргани сари кескин яхшиланади. Шунинг учун идеал сақлаш ин­сон қулайлигига мўлжалланган шароитдан ҳужжатлар учун мос шароитни таъминлаш талаб этилади. Шунинг учун кол­лекцияларнинг ихтисослаштирилган сақлаш зонасини одам ишлайдиган жойдан ажратиш муҳим аҳамиятга эга.
Ёруғликнинг барча турлари кутубхонанинг ноёб ва архив воситаларига худди чангсимон моддалар ва газли ифлосла­гичлар сингари шикаст етказади, шунинг учун коллекциялар­ни сақлаш иншоотларида улар кам бўлишига эришиш зарур.

Ҳарорат-намлик

        Ҳужжатлар сақланадиган хоналарда ҳаво ҳарорати (18±2)°С, нисбий намлик (55±5) фоиз, пергамент ва терига ёзилган ҳужжатлар учун ҳавонинг нисбий намлиги (60±5) фоиз талаб этилади. Ҳавони кондициялаш ва кирувчи -чиқув­чи шамоллатиш тизимлари билан жиҳозланмаган, омборхо­на учун мўлжалланган хоналарда ҳаво ҳарорати ва намлиги рационал равишда шамоллатиш, иситиш ва назорат-ўлчов асбобларининг кўрсаткичларига амал қилиб, техник восита­ларни қўллаган ҳолда нормага келтирилади (1-расм).
      Кондиционер кўрсаткичини доим бир хил вақт оралиғида текшириш керак. Ўлчов асбоблари ҳар бир хонанинг асосий йўлагида жойлаштирилади ва ҳар бир тарафида иситиш ва шамоллатиш тизимларидан узоқда, полдан 1,4±0,1 м масофа­да жойлаштирилади.
      Агар ҳужжатлар сақланадиган хоналарда ҳаво ҳарорати юқори бўлса, ҳужжатларнинг эскириш жараёни тезлашади.  Натижада, қоғозга салбий таъсир кўрсатади: эластикликни йўқотади, синувчанлик ҳосил бўлади, сарғаяди.
      Агар ҳужжатлар сақланадиган хоналарда ҳаво намлиги нормадан юқори бўлса, қоғозга салбий таъсир кўрсатади: мустаҳкамлиги йўқолади, ҳужжат деформацияланади, микроорганизмлар ривожланади.

Ёруғлик

       Ёруғлик радиация энергияси бўлиб, узоқ вақт ёруғликда туриш органик материалларнинг кимёвий емирилишига са­баб бўлади. Ушбу шикаст ранги ўзгарган бўёқлар, шунингдек, қоғоз, фотосуратлар, чармнинг (масалан, китоб муқовалари) жисмоний заифлашувида кўзга ташланади. Ёруғликдан ета­диган шикастнинг оғирлик даражаси ёруғлик манбасининг жадаллиги, ёруғликка очиқ турганлик давомийлиги, ушбу очиқ турган воситанинг бу қувватга таъсирчанлигига боғлиқ. Ёруғлик етказадиган шикаст қўшимча ва асл ҳолига қайт­масдир, яъни гарчи буюм ёруғлик тушадиган жойдан олиб қўйилган бўлса-да, қоронғи жойда ҳам (худди қуёшда тана­нинг офтобда қорайиш таъсири унда қисқа вақт бўлиш пай­тида билинмагандай) салбий таъсир давом этаверади. Одатда, ёруғлик шикасти аста-секин пайдо бўлади, буюм ёруғликка олиб чиқилгандан олдинги ва кейинги ҳолатни солиштириб исботламагунча уни оддий кўз билан бирдан илғаш қийин. Бундай бузилишнинг олдини олиш ҳужжатларни шикастла­нишдан ҳимоя қилишнинг бирдан-бир воситасидир, чунки ёруғлик таъсирида етадиган шикастдан асраб қола оладиган сақлаш усули йўқ. Ҳужжатларни сақлаш вақтида ёритилган­лик нормаси 75 лк дан, кўргазмага қўйилган кўрик пайтида 150 лк дан кўп бўлмайди. Ёритгичлардан ҳужжат юзасигача бўлган масофа 0,5 м дан кам бўлмайди. Ёритгичларнинг кон­струкцияси ёнғин учун хавфсиз бўлиши ва лампанинг тушиб кетиши ва механик шикастланишдан сақлаши керак.
Кўргазмага қўйилган вақтда ёруғлик асбобларини витри­на ичига ўрнатишга йўл қўйилмайди. Келувчилар йўқлигида витриналар ёруғлик ўтказмайдиган пардалар билан ёпилади.
Ёруғлик таъсири остида, нусха олиш ва намойиш қонун қо­идалари бузилиши ёки табиий эскириш оқибатида, рангининг оқариши ёки бўлмаса, матн ва тасвирларнинг қорайишига олиб келадиган фотокимёвий деструкция содир бўлади. Оқа­ришга кўпроқ органик бўёқ берувчилар дучор бўлади. Кимёвий органик бирикмага рангни махсус атомлар гуруҳлари, хромофорлар – ёруғликнинг маълум узунлигидаги тўлқинини ютадиган ҳамда бўялишни кучайтирадиган ауксохромлар бе­радилар. Ҳужжатга ёруғлик тушганда бўёқ рангларининг мо­лекулалари қўшимча қувват оладилар ва шунинг ҳисобига ки­мёвий тузилишда ўзгариш содир бўлади. Оқибатда рангнинг ўзгариши ва рангсизланиш содир бўлади. Ноорганик бўёқлар ёруғлик таъсири остида кам даражада ўзгаради.

                              Санитар-гигиена талаблари

Ҳар хил турдаги микроблар, чанглар, газ ва бошқа зарар­ли воситалар кутубхона ҳамда архив материалларига салбий таъсир кўрсатади. Олтингугурт, азот оксиди ва озон сингари ҳаводаги заррали газлар нам билан бирикиб, ишқор аралаш­масини ҳосил қилади, оқибатда, гидролиз орқали ва оксидла­ниш реакцияларини келтириб чиқариш билан коллекциядаги буюмларга шикаст етказади. Ушбу зарарли моддалар ҳужжат­ларни ишдан чиқишини тезлаштиради, қоғознинг ранги ўн­гиб, мўрт бўлиб қолади, микрофильмларда доғлар (масалан, қизил доғлар) пайдо бўлади, рангли фотосуратларнинг ранги ўзгаради, чарм эса заиф бўлиб қолади ва уваланиб кетади.
Архивдаги маълумот сақловчи воситаларга таъсир қила­диган газ ҳосил қилувчи учта асосий ифлослагич мавжуд: олтингугурт диоксиди (SO2 – таркибида олтингугурт бўлган кўмир ва нефть сингари ёнилғи-ёқилғилар ёнганда, металл эритилганда ёки бошқа саноат жараёнларидан пайдо бўлади); азот диоксиди (NO2 – автомобиллар, чиқиндиларни йўқ қи­лиш тизимлари ва электр қуввати ишлаб чиқарувчи корхона­лар чиқаради). Бундан ташқари ҳужжатларга қаттиқ зарралар шикаст етказиши мумкин ва «қаттиқ» (янчиш ва майдалаш амаллари оқибатида ҳамда ётқизилган асфалт ва тупроқ йўл чангидан ҳосил бўлади) ёки зарралар ( автомобиллар, электр қуввати ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг ёнилғи ёқиши, ўтин ёқиш ва ҳк., шунингдек, бошқа саноат жараёнларидан ҳосил бўлади) деб баҳоланади.
Ҳужжат сақланадиган хонада чанг кўпайишига сабаб бўладиган омиллар:
1. Хонанинг дераза ва эшиклари зич ёпилмаслиги ( герме­тизацияланмаган);
2. Нотўғри шамоллатиш;
3. Хоналарда ҳужжатлар билан ишлашга тааллуқли бўлма­ган предметларнинг бўлиши;
4. Ҳужжат сақланадиган хонага ҳар хил одамларнинг ки­риб чиқиши;
5. Иситиш асбобининг юқори ҳарорати;
6. Кўчадаги ҳароратнинг пасайиб кетиши;
7. Ҳужжатларни қабул қилиш, вақтинча сақлаш, иқлимга мослаштириш ва дезинфекция қилиш учун изоляция килин­ган махсус хоналардан фойдаланилмаслик.
Ҳужжатлар сақланадиган хонада 1 грамм чангда 50 минг замбуруғ ва бактериялар, чанг бўлган китобнинг 1 см2 – 20 колонна микроорганизм ўсиши мумкин. Хоналарга бир йил­да камида бир-икки марта гигиеник ва санитарик ишлов бе­рилади ҳамда мунтазам равишда хона полини тозалаб туриш, ҳар ойда тозалик куни ташкил этиш, ёритиш ва иситиш воси­таларини чангдан тозалаш талаб этилади.

Китобларни чангдан тозалаш

1. Китобларни тозалаётганда, албатта, китоб жавонининг энг юқори полкасидан бошланади.
2. Китоблардаги чангни ташқи тарафдан тозаланг. Шун­дай қилинса, тозалаш пайтида чанг китоб ичига кирмайди
3. Китобларнинг бетлари ва бошқа қисмларидаги чангни катта, юмшоқ чўтка билан тозаланг. Тозалаш пайтида китоб­ни қия қилиб ушланг. Шунда чанг пастга қараб силжийди.
4. Китобларни токчадаги ўрнига қўйишдан аввал токчани яхшилаб чангютгич билан тозаланг ва нам латта билан ар­тинг. Токчанинг қуриганига ишонч ҳосил қилгандан сўнг ки­тобларни жойига қўйинг.

Стабилизация қилиш

  Cтабилизация – зарарланишни йўқотиш орқали эскириш жараёнини секинлаштириш. Ҳужжатнинг эскиришини ке­чиктирадиган ва шикастланишининг олдини оладиган ишлов беришдир. Булар қуйидаги жараёнларни ўз ичига олади: де­зинфекция, дезинсекция, кислотани нейтраллаштириш, фа­зали сақлаш, инкапсулалаш.
      Дезинфекция – ҳужжатларни шикастлайдиган микроскопик замбуруғларни ва бактерияларни йўқ қилиш. Замбуруғ билан шикастланган ҳужжатларга нисбатан стабилизация қи­лиш замбуруғга қарши бирикмалардан фойдаланиб, амалга оширилади ва 10,0 фоиздан кўп бўлмаган намлик ҳажмини таъминлайдиган ишлов берилади. Ҳаво айланиши қийин бўлган жойларда нисбий намлик ўта юқори бўлса (масалан, 65 фоиздан ортиқ) моғор босиш муам­моси пайдо бўлиши мумкин. Моғор сув босиши оқибатида ҳам пайдо бўлади. Бинодан чакка ўтаётганда материал ҳўл бўлма­са ҳам, кондиционер яхши ишламаса, ўз-ўзидан моғор боси­ши мумкин. Бундай ҳолатда ҳавони алмташтириш ва нисбатан паст намликка эришиш учун портатив вентилятор (кўтариб юришга қулай) қуритгичлар ишлатилгани маъқул.
      Дезинсекция – ҳужжатларни шикастлайдиган кемирувчи­ларни йўқ қилиш. Коллекциялар сақланадиган иншоотда тоза­ликнинг оқилона стандартларини сақлаб туришнинг фойдали жиҳатларидан бири озиқ-овқат манбаларининг йўқлиги ноёб ки­тоблар ва архив коллекцияларига шикаст етказиши мумкин бўл­ган ҳашаротлар ва зараркунанда кемирувчиларни жалб қилишни камайтиради. Ноёб китоблар ва архив коллекциялари сақланаёт­ган биноларда озиқ-овқат бўлиши мониторингни тақозо қилади­ган жараёндир. Агар келгусида сувараклар, тангақанотлилар ёки кемирувчилар пайдо бўлса, тозаликка қаттиқ риоя қилиш, егулик қолдиқларини бинодан чиқариб ташлаш чораларини кўриш керак бўлади. Махсус коллекция материалларини сақлашга мўлжал­ланган жойларда озиқ-овқат бўлиши номақбулдир, ҳеч бир ҳолат­да архивлар ва ноёб китобларни сақлаш жойларига озиқ-овқатни киритмаслик энг зарур чоралардандир.
Ҳашарот ва кемирувчиларга сув керак бўлгани учун намлик манбаларини ҳам кузатиб бориш керак. Ҳашаротларга қарши воситалардан коллекциялар атрофида фойдаланиш мумкин эмас, чунки ушбу заҳарли моддалар кутубхона ва архивдаги маълумот сақловчи воситалар учун зарарлидир. Кемирувчилар қиш мавсуми келишидан олдин, кузда бинолар ичидан бошпа­на излаши кутилади, шунинг учун сичқонларга қопқон қўйи­лиши ва кемирувчилар пайдо бўлгани аломати кўзга ташлан­са, бу ишни кузатув остига олиш керак бўлади.
       Кислотани нейтраллаштириш – ҳужжатга ишқор харак­теридаги бирикмаларни киритиш.
Температура, намлик ва ёруғликни мунтазам кузатиб бо­риш керак. Ҳавонинг намлик даражаси паст бўлганда, ай­ниқса ёруғликда оксидли реакциялар тезлашиб кетади. Спек­торнинг таркибида катта миқдорда ультра бинафша нурлари бўлган қуёш нурларининг тўғридан-тўғри таъсири ҳалокат­лидир. Худди шунга ўхшаш таъсирни ксерокопиялаш ва скай­нерлаш аппаратларидаги ёритқич манбалари ўтказади: ҳужжат жиддий ёруғлик (шу жумладан, спекторни ультрафиалет доираси­га) ва иссиқлик таъсирига дучор бўлади. Нотўғри намойиш этиш ва стеллажларнинг нотўғри жой­лашиши, деразада пардаларнинг йўқлиги, қоғознинг сарғайишига ва механик мустаҳкамлигининг пасайишига олиб келади. Айнан шундай жараёнлар ҳаво намли­ги кўтарилганда содир бўлади. Ҳужжат ранги олтингугурт, угле­род ва азот оксидларининг газсимон аралашмаларини таркиб­ловчи ҳаво таъсири остида ўзгаради: қоғознинг оксидлиги ўсиб боради, унинг механик мустаҳкамлиги пасаяди, айниқса намли­ги ошган ҳавода. Эскириш жараёни пергаментнинг сарғайиши, ёруғликдан сақлаш режимининг бузилиши ёки бўлмаса терида қолиб кетган ёғларнинг айниши оқибатидир. Ҳужжатлар қоғози сарғайиш даражасини тўғри баҳолаш учун таққослаш шкала­сидан фойдаланиш тавсия этилади.
       Китобларни ғилофда сақлаш (фазали сақлаш) – ҳужжат­ни ташқи шикасдан сақлаш учун солиб қўйиладиган, шу ҳужжат шаклига мослаб, кислотадан холи бўлган материаллардан тай­ёрланган махсус жилд, қути, қин. Ушбу микроиқлим қутилар нодир китоблар учун унчалик қиммат бўлмаган алоҳида кор­пус бўлиб, китобларни қири­лиш, ёруғлик таъсири, ҳаро­рат, намлик тебранишлари ва газ ҳолидаги зарарли модда­лардан асрайди.
      

Ҳужжатларнинг электрон нусхаларини тайёрлаш

       Нусха олиш жараёнидаги эҳтиётсиз муносабатдан китобга шикаст етади. Бинобарин, барча ходимлар барча материал­лардан, аниқса, қаттиқ тикилган китоблардан ва шикастланган материалдан нусха олаётганда эҳтиёт бўлиши лозим ва кито­блардан лавҳсимон китоб скане­ри ёрдамида нусха олиш мақсад­га мувофиқдир.
      Ҳужжатларнинг нусхаларини тайёрлаш уларнинг бутлигини таъминлайди. Ҳужжатларнинг нусхаларини тайёрлаш фото, ми­кро, ксеронусха қилиш методлари орқали ҳамда электрон тех­нологиялардан фойдаланган ҳолда амалга оширилади. Фото, микро, ксеронусха қилиш методлари орқали ҳужжатларнинг нусхаларини тайёрлаш бир мартадан ошмаслиги керак. Кей­инги нусха олиш нусхадан амалга оширилади. Нусха олишда ҳужжатларнинг механик шикастланишига йўл қўйилмайди.
      Нодир ва алоҳида қимматга эга бўлган ахборот-кутубхона ресурсларининг суғурта, захира ва ишчи копиялари яратилади. Суғурта копиялари асл нусха фавқулодда вазиятлар сабабли йўқолганида; захира копиялари нусха кўпайтириш учун, ишчи копиялари эса китобхонларга хизмат кўрсатишда ишлатилади. Электрон копиялар серверлардан ташқари компакт дискларда ҳам сақланиши мумкин. Йилда бир марта дискларни қўйиб кўриб, текшириб туриш керак. Дискларнинг устига ёзиш мум­кин эмас, махсус наклейкалар ишлатиш зарур.

Фойдаланиш жараёнида ҳужжатлар
сақлови учун таҳдид зоналари

Китоблардан фойдаланиш технологик нуқтаи назардан бир неча босқичга бўлиниши мумкин, бу босқичларнинг ҳар бири учун ўз таҳдид зоналари ва зарарланиш эҳтимоли кўп бўлган турлари:
Биринчи босқич. Китоблар сақланадиган хонада китобни танлаш ва фойдаланувчига топшириш.
Иккинчи босқич. Китобдан фойдаланиш.
Учинчи босқич. Китобдан нусха олиш, шу жумладан, ксе­ронусха, рақамлаштириш, фотонусха.
Тўртинчи босқич. Кутубхона кўргазмалари ва ундан ташқарида китоб кўргазмалари.
Бешинчи босқич. Китобни фондга қайтариш.
      Биринчи ва бешинчи босқичлар. Китоблар сақланадиган хона – фойдаланувчи ва фойдаланувчи – китоблар сақлана­диган хона йўлида китоб сақланишини таъминлаш.
Кутубхона фондидаги китобдан фойдаланиш жараёни, эк­земплярни сақловчидан фойдаланувчига ўтиши билан бир­лашган. Кутубхона қанчалик катта бўлса, китоб шунча кўп босқичлардан ўтади. Китобни транспортда ташиш жараёни­да унинг ўғирланиш хавфи ортади, шунинг учун бу ҳолатда китоб сақлашни таъминлаш учун зарурий шарт - шароит яра­тиш. Жумладан, кузатиш.
Нашрларни билмасдан бузиш ва зарарлаш муаммолари фойдаланувчига ҳужжатни беришдан аввалги босқичда бо­шланади. Уларга қуйидагилар киради:
а) Китобни жавондан олиш ва қўйишдаги зарарланишлар. Энг катта хавфга: китобнинг қаттиқ муқоваси (блокнинг қат­тиқ муқовадан ажралиши), корешок, юмшоқ муқова (жавон­дан олинаётган ёки қайта қўйилаётган нашр ва унга қўшни нашрлар қоғоз муқоваси ва супермуқовасининг йиртилиши), варақлар (ғижимланиши хавфи).
б) Транспортда ташиш вақтидаги зарарланишлар. Кўп сонли кутубхоналар, айниқса, фонди таркибида нодир кито­блар мавжуд бўлган кутубхоналар учун нашрни сақлаш жой­идан фойдаланувчигача транспортда ташиш орқали етказиш босқичи тегишлидир. Ушбу босқичда, транспортда ташили­шидан қатъи назар, китобга зарар етказиш хавфи мавжуд. Энг кўп тарқалган зарарланишлар – муқова, китоб бурчаклари ва четларининг йиртилиши; муқовалар деформацияси, варақлар букланиши, блокнинг қаттиқ муқовадан ажралиши (айниқса, китоб ерга тушиб кетганда), китобнинг кирланиши.
Биринчи ва бешинчи босқичларда зарарланишлар хавфи­ни пасайтиришга қуйидаги тадбирлар ёрдам бериши зарур:
- мутахассисларнинг малакасини ошириш,
- китоблар билан ишлаш қоидаларини амалга киритиш,
- жараённи зарурий ускуналар ва техник воситалар билан таъминлаш,
- юмшоқ муқоваларда чиқарилган нашрлар ва муқовалан­маган китобларни профилактик муқовалаш.
Иккинчи босқич.Фойдаланувчининг фойдаланиш жараё­нида нашр сақловини таъминлаш.
Бу босқич сақлаш учун энг катта хавф билан боғлиқ – му­тахассислар фойдаланувчининг китоб, газета ва журналдан фойдаланганда назоратнинг сусайтириши.
Фойдаланиш жараёнида билмасдан зарар етказиш. Ҳуж­жат билан ишлаш жараёни унинг комплекс бузилишига олиб келади. Энг характерлилари: варақлар, дафтарлар тўкилиши, корешок емирилиши, ҳужжатнинг кирланиши.
Айниқса, кислотали қоғозда нашр қилинган (XIX асрнинг иккинчи ярми – XX асрнинг биринчи ярми) нашрлардан фой­даланишда бу муаммоли ҳолдир. Ҳатто шу турдаги нашрлар­дан бир марта фойдаланиш ҳам тузалмас емирилишларга олиб келиши мумкин.
Ҳужжатни атайин зарарлаш. Ушбу тур зарарлани­шларнинг энг кўп учрайдигани, бу– четларига ёзиш, тагига чизиш, матн ва иллюстрацияларни кесиб олиш, варақларни юлиб олиш, экслибрисларни йўқотиш, варақлар бурчаклари­ни буклаш ва бошқалар.
Ҳужжатнинг йўқолиши. Йўқолишнинг мумкин бўлган холатларидан бири, бу нашрнинг ўғирланишидир («бегона мулкни ўғирлаш» – ЎзР ЖК). Ўғирланган нашр қиймати ва иш шароитларига кўра, бундай ҳаракат маъмурий қонунб­узарлик ёки жиноий ҳаракат сифатида кўрилиши мумкин. У ҳолда ҳам, бу ҳолда ҳам қонун бузувчига нисбатан қабул қилинувчи чоралар, кутубхона ходимлари компетенциясига кирмайди. Шунга қарамасдан, бундай қонун бузарликлар огоҳлантириш, аниқлаш ва олдини олиш маълум миқдорда уларнинг компетенциясида қолади. Бундан ташқари, кутуб­хона ҳуқуқ органларига қонунбузарлик факти ҳақида қара­ма-қарши бўлмаган ва ҳуқуқий тўғри ахборотни ҳамда қо­нунбузар ҳаракати натижасида кутубхонага кўрсатилган зарарнинг асосланган баҳосини кўрсатиб, қонунбузарни жа­вобгарликка тортиш учун асос тақдим этади.
Йўқолишнинг кўп тарқалган шакли бу кутубхона чега­расидан ташқарига берилган ҳужжатнинг кутубхонага қай­тарилмаслигидир. Бу ҳолатда уни қайтармаслик сабаблари ҳақида савол туғилади. Ҳужжатни атайин қайтармаслик (ўз­лаштириш) ҳолатларининг олдини олишда, қонунбузар учун бу қонунбузарликни «бефойда» қилувчи жазонинг муқаррар­лиги ва санкция (компенсация) лар масштаби билан таъмин­ланиши муҳимдир.
Фойдаланувчининг ўлими ёки ҳужжатни кутубхонада бил­масдан йўқотишда, компенсация хақидаги масала мустақил ечилади. Фойдаланувчилар қўлидаги нашрларнинг сақлани­шини таъминлаш, қуйидаги чораларни қўллаш билан амалга оширилади:
1.Фойдаланувчилар билан профилактик ишлаш. Кутубхо­на фондидан ҳужжатни ўқувчига беришнинг мажбурий шарти бу ҳужжат билан ишлаш қоидалари ҳамда унинг йўқолиши ёки зарарланишидаги жавобгарлик хақида фойдаланувчини таништиришдир. Шунга кўра, кутубхона томонидан ишлаб чиқилган ҳужжатлар билан ишлаш қоидалари билан ўқувчи­ни таништириш жуда зарурдир. Ушбу ҳужжат «Кутубхонадан фойдаланиш қоидалари» нинг қисмидир, лекин уни «Ўқув­чига эслатмалар» кўринишидаги тўлиқ шаклда ҳам ишлатиш мақсадга мувофиқдир.
2. Ҳужжатлар ҳолати назорати. Ҳужжат ҳолати назо­рати икки марта амалга оширилади – нашрни ўқувчига бе­ришда ва ундан қайтариб олишда. Ҳужжат сақланиши кате­гориясига кўра, назорат ҳам фарқланади.
I сақланиш категориясига эга нашрлар. Берилаётган ки­тобни текшириш ва унинг реал ҳолатини ҳужжат паспорти билан таққослаш, кутубхоначи томонидан ҳам, фойдаланувчи томонидан ҳам амалга оширилади. Китобни қайтаришда за­рарланишлар аниқланган ҳолатда қонунчилик ва кутубхонадан фойдаланиш қоидаларида ўрнатилган асосларга кўра, фойдала­нувчини жавобгарликка жалб қилиш механизми кучга киради.
II сақланиш категориясига эга нашрлар. Визуал кўрик ўз ичига ҳужжатни варақлаб кўриб чиқиш, иллюстрациялар ва экземплярнинг ўзига хос хусусиятлари мавжудлигини тек­шириш, ўқувчига берилаётган ҳужжат холатини кўрсатиш ва уни сақлаш жавобгарлигини уқтиришдир. Аналогик кўрик ўқувчидан ҳужжатни олишда ҳам мажбурийдир. Аниқланган зарарланишлар ёзиб олинади. Ўқувчининг ҳужжатни зарар­лаганлик учун жавобгарлиги хақидаги масала маъмуриятда кўриб чиқишга тақдим этилади.
III сақланиш категориясига эга нашрлар. Кутубхона­чи нашрни беришда визуал кўрик ўтказади, дефектларни  аниқлашда буни қаламли белги билан форзацда белгилайди. Аналогик жараён ўқувчидан нашрни қайтариб олишда ҳам амалга оширилади.
Ўқув залида ҳужжатлар билан ишлаш қоидаларига риоя қилиш назорати. I ва II сақланиш категориясидаги ҳужжат­ларга эга кутубхоналар ўқув заллари ишининг зарурий шарти – бу ўқув зали бўйича навбатчининг лавозим мажбуриятла­рига фойдаланувчиларнинг ҳужжатлар билан ишлаш қоида­ларига риоя қилишларини кузатиш ва қонунбузарликлар ол­дини олиш киради.
Фойдаланувчига шароит яратиш. Ўқув залидаги фойдала­нувчи ўрни китоблар ва қоғозларни бир-бирининг устига тахла­масдан жойлаштириш учун етарлича бўлиши керак. Газеталар ўқиш учун жойни жиҳозлаш катта эътибор талаб қилади.
Учинчи босқич. Ҳужжатдан нусха олиш жараёнида унинг сақланишини таъминлаш.
Замонавий шароитларда ҳужжат ва унинг фрагментидан нусха олиш кутубхоналарда нашрлардан фойдаланишнинг бевосита усулидир. Нусха олиш технологиялари ривожлани­ши унинг соҳаларини кенгайтирди ва нусха олиш турларини кўпайтирди. Аммо техник нусха олишнинг мавжуд турла­ридан биттаси ҳам оригинал учун абсолют хавфсиз деб тан олинмаган.
Ксеронусха олиш – энг оммабоп ва бир вақтнинг ўзида оригиналлар учун энг хавфли усулдир. Ксеронусха олиш на­тижасида, характерли бўлган зарарланишлар – бу корешок ёки блокнинг ажралиши, варақларнинг тўкилиши, варақлар амортизацияси, нурланиш таъсирида қоғоз тузилмасининг емирилиши ва бошқалар.
I ва II сақланиш категориясидаги ҳужжатлар учун, бир эк­земплярдан ксеронусха олиш сонини бошқариш режимини киритиш. I сақланиш категориясидаги ҳужжатлар учун фақат бир марта нусха олиш, сўнгра олинган намунадан қоғоздаги ишчи нусхаларни тайёрлаш рухсат этилган.
Рақамлаштириш жараёнида сақлашга риоя қилиш.Ку­тубхона фондларини рақамлаштиришда юзага келувчи му­аммолар, ксеронусха олиш учун белгиланган муаммоларга ўхшаш. Рақамлаштиришнинг принципиал фарқи – бу рақам­лаштирилган материални кўп марта (оригиналга мурожаат қилмасдан) чиқариш имкониятидир. Бу имконият реализа­цияси учун кутубхонада рақамлаштирилган ҳужжатларнинг махсус архивини яратиш ва архив бўйича қидирув базаси­нинг мавжудлиги мақсадга мувофиқдир.
Бу соҳадаги перспектив йўналиш сифатида дастурий махсу­лот ишлаб чиқариш ва йиғилган материаллардан фойдаланиш бўйича кутубхоналар ўзаро ҳаракатини ташкил қилиш зарур.
Фото ва микронусха олиш жараёнида сақлаш. Микронус­ха олиш (микрофильмлаш, микрофиширлаш) – ҳозирги вақт­да суғурта нусхаларини яратишнинг умумқабул қилинган усу­лидир. Кутубхона фондларидаги кўп сонли ноёб ва қимматли ҳужжатлар бу жараёндан ўтиши керак. Ушбу нусха олиш тури учун характерли зарарланишлар – нашрни очиш зарурияти ва съемка қилишдаги инфра-қизил ва иссиқлик нурланиши таъ­сирида ён муқова (корешок) нинг зарарланиши.
Зарурий чоралар:
- энг қулай ускуна танлови;
- суғурта нусхаларининг ягона умуммамлакат тизимини яратиш, кутубхоналарнинг микронусха олишдаги ўзаро ҳам­корлиги.
Тўртинчи босқич. Кўргазмалар ташкил этиш жараёнида китобга етадиган зарарлар.
Кўргазма, бой маданий ва маърифий меросини ўрганиш, ёшларимизга уларнинг тарихий манба сифатида етказиб бе­риш ва тарғиб қилиш муҳим аҳамият касб этади. Кўргазма вақтида ёруғлик ва ҳарорат-намлик режими бу­зилган ҳолатда, ҳужжат емирилиши хавфи туғилади. Кўргаз­маларни тўғри ташкил қилиш ҳақида малакали ечим қабул қилиш учун, кутубхоначи амалдаги меъёрий ҳужжатларга таяниши керак.
Кўргазмаларда нашрларни намойиш қилиш жараёнида ҳам, ундан сўнг ҳам ўғирланиш хавфини оширади. Ҳужжатлардан фойдаланиш жараёнида сақланиш муам­мосини ўз кучимиз билан бошлашимиз мумкин. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, биз бу билан кутубхоналаримиз фондларининг ҳар кунлик ва ҳар соатлик йўқотишлар олдини олган бўла­миз. Тегишли тарзда асраб-авайлаш тасодифий эҳтиётсизлик муносабати оқибатида ҳужжатларга етказилган шикастни камайтиришда ёрдам беради.  Сақлаш режимига (ҳарорат-намлик, ёруғлик ва сани­тар-гигиеник) риоя қилмаслик қоғознинг бузилиш жараёни­ни тезлаштириб юборади.
Ҳужжатларни қуёш нуридан сақлаш учун парда ва чип пардалардан фойдаланинг.
Ёнғинга қарши мосламалар ва ускуналарни ишга шайли­гини ва кутилмаганда ёнғин чиқса, қилиниши лозим бўлган ишлар режасини олдиндан тузиб қўйинг.
Кутубхона ва заҳирахоналарни мунтазам тозалаб туриш керак. Чангни махсус филтрли чангюткич ёрдамида тозалаб, сўнг намлатта билан артиш тавсия қилинади.
Янги олиб келинган китобларни коллекцияга қўшишдан олдин мутахассисга экспертиза учун топширинг.
Коллекциядаги бошқа экспонатларни турли кушандалар­дан муҳофаза қилиш учун улар орасидан шикастланганла­рини ажратиб олиб, алоҳида сақлашга ҳаракат қилинг.
Белги ва ёрлиқлар қўйиш. Эгалик тамғалари, штрих-код­лар ва шифрларининг барчаси фойдаланиладиган архив материалларини қайта ишлаш учун ишлатилади. Белги ва ёрлиқлар қўйишга баъзи ёндашувлар тарихий материални бузиши ёки шикаст етказиши, асл сақлаш воситаларида ўзи ёпишадиган елим ёки сиёҳ қолдириши мумкин. Коллекция материалларига атайлаб ёки бошқа тарзда зиён етказадиган белгилар қўйишдан тийилиш маъқулдир. Масалан, шифрни ишқорсиз қоғозда чоп қилиш махсус елим билан ёпишти­риш, таниқлилик ёрлиқлари ҳам ишқорсиз қоғоз байроқча­ларга ёзилади ва улар китоб варақлари орасига киритилади ва матннинг юқорисида улар кўриниб туради.
Жавонларнинг пастки токчалари ердан таҳминан 15 см. баландликда жойлашган бўлиши лозим . Бу китобларни намлик ва турли кемирувчилардан сақлайди.
Ҳужжатларни чангдан сақлаш учун улар сақла­надиган жавонларнинг тепаси панел билан ёпилган бўлиши лозим.
Барча ноёб материалларга қўлни теккизишдан олдин уни ювиш мажбурийдир.
- асл нусхаларни фақат илмий мақсадларда тақдим этиш;
- асл нусхаларни фақат ахборот-кутубхона муассасалари­да, бунга махсус ажратилган хонада, навбатчи кутубхоначи назоратида тақдим этиш;
- ахборот-кутубхона муассасасининг асосий фондида те­гишли материаллар топилмаган ҳолдагина нодир ва алоҳида қимматга эга бўлган ахборот-кутубхона ресурслари ва кол­лекцияларнинг махсус фондларидаги нашрлар билан тани­шишга йўл қўйилади.
1. Нодир ва алоҳида қимматли нашрлар билан тани­шишда муомала қилишдан аввал қўлларингизни яхшилаб ювинг ва артинг. Қўллар ҳар хил крем ва ласёнлардан ҳоли бўлиши керак.
2. Нодир ва алоҳида қимматли нашрлардан фойдаланиш жараёнида овқат ейиш, ичимлик ичиш қатъиян таъқиқланади.
3. Ноёб китобларни ўқиётган фойдаланувчиларга китоб таг­ликлари, шунингдек, саҳифалар очиқ туриши учун мато билан қопланган эгри-бугри, турли хилдаги хатчўпдан фойдаланиш қатъий талаб этилади, чунки тагликдан фойдаланиш текис стол устида китоб очилганда унинг зўриқишини чеклайди.
4. Нодир ва алоҳида қимматли нашрлар очиб қўйилган ҳо­латда қолдириш ёки ташлаб кетиш мумкин эмас, қуёш нури ва чироқнинг ультрабинафша нури зарар етказади.
5. Нодир ва алоҳида қимматли нашрларга белгилар қўйиш ва чизиш таъқиқланади.
    6. Нодир ва алоҳи­да қимматли нашрлар бетларини қайилтириш, бетларни қоғоз қисқичи билан қисиш, игна би­лан тешиш рухсат этил­майди.
    7. Керакли маълумотларни кўчириб олишда фақат қалам­дан фойдаланиш мумкин.
8. Мутолаа қилиш пайтида нодир ва алоҳида қимматли нашр­ларга суяниш ҳуж­жатни механик за­рарланишига олиб келади .
9. Нодир нашр­ларнинг безаклари­га ва ёзувига теги­ниш ман этилади

                                       Намойиш қилиш

Нодир ва алоҳида қимматли нашрларни ишончли, ойнали жавонларда намойиш қилинг. Жавонлар ойнасини иссиқлик ва ультрабинафша нурларига қарши махсус плёнкалар би­лан қопланганлиги мақсадга мувофиқдир. Китоблар тарки­бида кислота моддаси бўлмаган хомашёдан ясалган махсус тагликларда намойиш қилиш унга етадиган зарарларнинг ол­дини олади.
Очилган ҳолатда намойишга қўйилган хужжатларнинг бурчаги 120°дан, горизонтал юзадаги қиялиги 20°дан ошмас­лиги керак .
Нодир нашрларнинг умумий аҳволи ўрганиб чиқилган­дан сўнг: микроиқлимли контейнерда сақлаш, реставрация қилиш, фойдаланувчилар томонидан эҳтиётлаб фойдаланиш учун тавсиялар берилади.





Фойдаланган адабиётлар.

1.Интернет тармоғидан фойдаланилди.
2.Ахборот – кутубхона фондларини сақлаш ва уларни реставрация қилиш метологияси номли услубий қўлланмадан фойдаланилди.


Тайёрлади: Илмий – услубият бўлими.

Комментарии

Популярные сообщения из этого блога

КУТУБХОНА ИШИДА ҚЎЛЛАНИЛАДИГАН ИЗОҲЛИ ЛУГАТЛАР