ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ДАВЛАТ МУКОФОТЛАРИ


Рашидов номидаги Жиззах вилояти ахборот - кутубхона маркази илмий-услубият бўлими

 

 

 
 
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ДАВЛАТ МУКОФОТЛАРИ

 

 

  

УСЛУБИЙ ТАВСИЯНОМА

 

 

 

 

 

 

                                              

                                                  

 

 

 

 

 

Жиззах – 2019 йил

Мустақил юртнинг юксак мукофотлари


 

Менинг қалбимдаги эзгу тилагим, истагим шуки, ўз меҳнатидан қадр топган, эл-юртимиз ҳаётини обод қилишга интилиб яшайдиган инсонлар ҳеч қачон кам бўлмасин.

                         И.А.Каримов

 

Истиқлол йилларида давлатимиз раҳбари Ислом Каримов ташаббуси билан миллий давлат мукофотлари жорий этилиб, уларнинг ҳуқуқий асослари яратилиши улкан тарихий воқеа бўлди.

Мустақилликка эришганимиздан сўнг республикамизнинг ижтимоий ҳаётида юз бераётган туб ўзгаришлар фуқароларни мукофотлаш борасида ўзига хос янги босқични бошлаб берди.

Қисқа муддат ичида мустақил республикамизда давлат мукофотларининг янги турлари жорий этилиб, уларнинг ҳуқуқий асослари тобора мустаҳкамланиб бораётганлиги ғоятда қувонарлидир.

Ўзбекистон Республикасининг давлат мукофотлари билан Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари меҳнат ва жанговар хизматлари, самарали давлат, ижтимоий ва ижодий фаолиятлари учун тақдирланишлари мумкин. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси учун хизмат кўрсатган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳам, айрим ҳолларда корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмалари, ижодий жамоалар ва ҳарбий бўлинмалар, Ўзбекистон Республикаси маъмурий-ҳудудий бирликлари ҳам мукофотланиши мумкин. «Давлат мукофотлари тўғрисида» Ўзбекистон Республикасининг Қонуни (1995 й. 22 дек.)га кўра, орден ва медаллар Олий Мажлис томонидан таъсис этилади, орден ва медаллар билан Ўзбекистон Республикасининг Президенти тақдирлайди.

Орден, медаль билан мукофотлашга тақдим этиш, мукофотлаш ва топшириш қонунда назарда тутилган тартибда амалга оширилади. Орден, медаллар билан тақдирлаш тўғрисидаги фармонлар оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

Бир шахс айни бир орден, медаль билан, қоида тариқасида бир марта тақдирланади. Орден, медаллар билан тақдирлаш шахснинг вафотидан кейин ҳам амалга оширилиши  мумкин. Фуқаролар навбатдаги мукофотга аввал мукофот билан тақдирланган вақтидан кейин камида 3 йил ўтгач тақдим этиладилар. Фавқулодда ҳолларда аввал тақдирланган вақтидан қатъи назар тақдим этилиши мумкин.

Ҳар бир орден ва медаль Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан тасдиқланган ўз Низом ва тавсифига эга. Орден ва медаллар, орден ва медалларга оид тегишли ҳужжат тантанали вазиятда топширилади. Орден ва медаль билан мукофотланган шахслар бир йўла тўланадиган пул мукофоти оладилар ва қонун ҳужжатларида белгилаб қўйиладиган имтиёзлардан фойдаланадилар. Орден, медаль билан вафотидан кейин мукофотланган тақдирда, орден, медаль, мукофотлаш тўғрисидаги ҳужжат ва бир йўла тўланадиган пул мукофоти мукофотланганнинг оиласига топширилади.

Ўзбекистон Республикаси орден ва медаль, одатда, умумдавлат байрамлари ҳамда бошқа байрамлар ва тантанали мажлислар вақтида тақиб юрилади. Бошқа ҳолларда эса нишондорлар Ўзбекистон Республикасининг ё орден, медалларини, ёхуд уларнинг планкалардаги ленталарни тақиб юришлари мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг орденлари:

Давлат мукофотлари тўғрисидаги Ўзбекистон Республикасининг Қонунининг 11-моддасига биноан қуйидагилардан иборат:

«Мустақиллик» ордени – Ўзбекистон Республикасининг Қонуни билан 1994 йил 5 майда таъсис этилган. Бу орден билан Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари мустақил давлат барпо этиш ва уни мустаҳкамлашга, республикада тинчлик ва тараққиётни таъминлашга қўшган улкан ҳиссалари учун мукофотланадилар. Айрим ҳолларда Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар ҳам мукофотланиши мумкин.

 «Амир Темур» ордени  - Ўзбекистон Республикасининг Қонуни билан 1996 йил 26 апрелда таъсис этилган. Бу орден билан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари давлатчиликни мустаҳкамлашдаги улкан хизматлари, меъморчиликни, илм-фан, адабиёт ва санъатни, шу жумладан ҳарбий маҳоратни ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссалари учун мукофотланадилар. «Амир Темур» ордени билан давлатлараро ҳамкорликни, тинчликни ҳамда халқлар ўртасида дўстликни, мустаҳкамлаш ишига алоҳида ҳисса қўшганлик учун ҳам тақдирланадилар. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар ҳам мукофотланиши мумкин.

 «Жалолиддин Мангуберди» ордени – Ўзбекистон Республикасининг Қонуни билан 2000 йил 30 августда таъсис этилган. Бу орден билан мамлакат мустақиллигини, Ватан сарҳадларини, она юрт тупроғини ҳимоя қилишда ҳамда уни кўз қорачиғидай асрашда юксак ҳарбий маҳорат, қаҳрамонлик ва жасорат намуналарини кўрсатган, давлатимизнинг мудофаа қудратини мустаҳкамлашга улкан ҳисса қўшган қўмондонлик таркибига кирувчи ҳарбий хизматчилар мукофотланадилар. Ўзбекистон Республикасининг олий ҳарбий мукофоти ҳисобланади.

 «Буюк хизматлари учун» ордени – Ўзбекистон Республикасининг Қонуни билан 1996 йил 29 августда таъсис этилган. Бу орден билан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда хорижий давлатларнинг фуқаролари фан ва техникани, иқтисодиёт ва маданиятни ривожлантиришдаги катта хизматлари, давлатлараро ҳамкорликни ривожлантиришга ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро обрўсини оширишга қаратилган ички ва ташқи сиёсатни амалга ошириш ишига сезиларли ҳисса қўшганлиги учун тақдирланадилар.

«Эл-юрт ҳурмати» ордени – Ўзбекистон Республикасининг Қонуни билан 1998 йил 28 августда таъсис этилган. Бу орден билан мамлакат мустақиллигини, унинг иқтисодий қудратини мустаҳкамлашга, миллий маънавиятни, маданиятни юксалтиришга катта ҳисса қўшган, ўз меҳнати, илмий, жамоат иши, меҳнатсеварлиги ва ватанпарварлиги билан жамоатчиликнинг иззат-ҳурматига сазовор бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари мукофотланади. Бу орден билан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар ҳам мукофотланишлари мумкин.

I ва II даражали «Соғлом авлод учун» ордени – Ўзбекистон Республикасининг Қонуни билан 1993 йил 7 майда таъсис этилган. Бу орден билан кишилар оналик ва болаликни муҳофаза қилишдаги, соғлом авлодни камол топтириш учун энг яхши моддий шароит ва аҳлоқий муҳитни таъминлашдаги алоҳида хизматлари учун мукофотланадилар. Шунингдек, бу орден билан Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлмаган кишилар ҳам мукофотланишлари мумкин.

I даражали «Соғлом авлод учун» ордени билан кишилар оналик ва болаликни муҳофаза қилишда, инсон экологиясини яхшилашда, жисмонан ва ахлоқан соғлом авлодни, ватанпарварлик ҳамда ўз Ватани – мустақил Ўзбекистонга ҳар томонлама содиқлик ва ундан фахрланиш олий туйғуларини тарбиялашда, оналик ва болаликни таъминлаш учун муносиб моддий ва маънавий замин яратишда Ўзбекистон давлати ва халқи олдидаги жуда катта хизматлари учун мукофотланадилар.  

II даражали «Соғлом авлод учун» ордени билан соғлом авлодларни камол топтириш ишига катта ҳисса қўшган, оналик ва болалик тўғрисида алоҳида ғамхўрлик қилувчи кишилар, ногирон ва етим болаларнинг васийлари, болалар ва оналикка нисбатан мунтазам олий хайр-эҳсон кўрсатувчи жамоат ташкилотлари, хўжалик тузилмаларининг вакиллари мукофотланадилар.

«Меҳнат шуҳрати» ордени – Ўзбекистон  Республикасининг Қонуни билан 1995 йил 30 августда таъсис этилган. Бу орден билан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Ўзбекистон иқтисодиёт ва маданият юксалишига, халқ фаровонлиги ошишига, тинчлик ва барқарорлик сақланишига хизмат қиладиган улкан ишлари учун мукофотланадилар. Шунингдек, бу орден билан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар ҳам мукофотланиши мумкин.

«Дўстлик» ордени – Ўзбекистон Республикасининг Қонуни билан 1994 йил 5 майда таъсис этилган. Бу орден билан Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари Ўзбекистонда яшаётган барча миллат ва элатларнинг вакиллари ўртасида дўстлик, ўзаро ҳамжиҳатлик ва тотувликни мустаҳкамлаш ишида эришган катта ютуқлари, Ўзбекистон халқининг бошқа мамлакатлар халқлари билан дўстлик ва ҳар тарафлама ҳамкорликни ривожлантирганликлари учун мукофотланадилар. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар ҳам мукофотланиши мумкин.

I ва II даражали “Шон-шараф” ордени - Ўзбекистон Республикасининг Қонуни билан 1995 йил 30 августда таъсис этилган. Бу орден билан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Ватанни ҳимоя қилишда фидойилик ва мардлик учун, Ўзбекистонда Мудофаа қудратини ва миллий хавфсизликни мустаҳкамлаш, қуролли кучларнинг жанговар тайёргарлигини ошириш ва ҳуқуқ-тарғиботни таъминлаш ишидаги катта хизматлари учун мукофотланадилар. Шунингдек, “Шон-шараф” ордени билан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар ҳам  мукофотланиши мумкин. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан 2006 йил 12 январда II даражали “Шон-шараф” ордени билан 5 киши мукофотланган. 2006 йил 29 августда эса I даражали “Шон-шараф” ордени билан Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий қисм командири ўринбосари Проценко Сергей Николаевич,

 «Фидокорона хизматлари учун» ордени – Ўзбекистон  Республикасининг Қонуни билан 2003 йил 29 августда таъсис этилган. Бу орден билан мамлакатнинг иқтисодий ва маданий юксалишига, мудофаа қудратини кучайтириш ва миллий хавфсизлигини таъминлашга, жамиятда тинчлик ва барқарорликни, миллатлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга, халқ фаровонлигини оширишга катта ҳисса қўшган, ўзининг истеъдоди, билим ва тажрибасини Ватан равнақига бахш этиб, фидойилик намунасини кўрсатиб келаётган фуқаролар ва ҳарбий хизматчилар мукофотланади. Шунингдек, бу орден билан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар ҳам мукофотланиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг медаллари:

“Олтин юлдуз” медали – Ўзбекистон Республикасининг Қонуни билан 1994 йил 5 майда таъсис этилган. «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланган шахсга «Олтин Юлдуз» медали ва унвон берилганлиги тўғрисидаги тегишли ҳужжат топширилади. «Олтин Юлдуз» медалини тантанали ва кенг ошкоралик вазиятида Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки унинг номидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг раиси, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири топширади. «Олтин Юлдуз» медали кўкракнинг чап томонига орден ва медаллардан юқорироққа тақилади. «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони вафотидан кейин берилган тақдирда «Олтин Юлдуз» медали ва унвон берилганлиги тўғрисидаги ҳужжат мукофотланганнинг оиласига топширилади.

«Жасорат» медали – Ўзбекистон Республикасининг Қонуни билан 1994 йил 5 майда таъсис этилган. Бу медал билан Ўзбекистон Республикаси ҳарбий хизматчилари, Миллий хавфсизлик хизматининг ва ички ишлар органларининг  ходимлари республиканинг миллий хавфсизлигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ва жиноятчиликка қарши курашда ҳарбий бурчин ёки хизмат бурчини адо этиш вақтида кўрсатган мардлиги ва жасоратлари учун мукофотланадилар. Шунингдек, бу медал билан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ёки Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар табиий офат, ёнғин ва бошқа фавқулодда ҳолатлар вақтида жамоат тартибини сақлашда одамлар ҳаётини, давлат ва жамоат мулкини сақлаб қолишда кўрсатган жасоратлари учун мукофотланишлари мумкин.

«Шуҳрат» медали Ўзбекистон Республикасининг Қонуни билан 1994 йил 5 майда таъсис этилган. Бу медал билан республика иқтисодиёти, фани ва маданиятини ривожлантириш, ёш авлодни ватанпарварлик ҳамда миллий истиқлол ва ижтимоий тараққиёт ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш ишида ўзининг ҳалол меҳнати билан катта ютуқларга эришган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар мукофотланадилар.                                                                                                                                                «Содиқ хизматлари учун» медали Ўзбекистон  Республикасининг Қонуни билан 2007 йил 6 июлда таъсис этилган. Бу медал билан юксак касбий маҳоратини, ҳарбий ва ватанпарварлик бурчига садоқатини намоён этган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари мамлакатнинг мудофаа қобилияти ҳамда миллий хавфсизликни мустаҳкамлаш, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг жанговар шайлигини ошириш ва Ўзбекистонда ҳуқуқ-тартиботини таъминлаш ишидаги катта хизматлари учун мукофотланадилар.

«Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони – Ўзбекистон  Республикаси Президентининг Фармони билан 1997 йил 22 июлда таъсис этилган. Бу кўкрак нишони билан миллий маънавиятимиз, маданий меросимиз ва умуминсоний қадриятлар заминида юксак ватанпарварлик туйғусини ва меҳнатсеварлик фазилатларини ўзида мужассамлаштирган, Ватанимиз обрўсини, шон-шуҳрати ва шарафини юксалтириш йўлида хизмат  қилаётган, Ўзбекистонда келажаги буюк давлат барпо этишда ҳамда мамлакатмиз ички ва ташқи ҳаётида фаол иштирок этаётган фуқароларга берилади. Шунингдек, бу кўкрак  нишони, Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахсларга ушбу Низомнинг биринчи бандида кўрсатган хизматлари учун берилиши мумкин.

«Ўзбекистон мустақиллигининг 10 йиллиги» эсдалик нишони – Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан 2001 йил 18 июлда таъсис этилди. Бу эсдалик нишони билан мамлакатимизнинг халқаро обрўси ва нуфузини ошириш ижтимоий-иқтисодий ва маънавий салоҳиятини, мудофаа қудратини юксалтириш, сарҳадларимизнинг тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлаш, миллатлараро дўстлик ва тотувликни қарор топтириш, жамоат тартибини ва ҳуқуқ-тартиботини мустаҳкамлаш, ислоҳотларни амалга ошириш, ёш авлодни миллий истиқлол ғоялари руҳида тарбиялаш борасида фидокорлик намуналари кўрсатаётган зиёлилар, фан ва маданият намояндалари, ишчи ва хизматчилар, жамоа хўжаликлари аъзолари, тадбиркорлар, меҳнат фахрийлари, ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ва бошқалар мукофотланадилар.

«Ўзбекистон Республикаси мустақиллигига 15 йил» эсдалик нишони – Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан 2006 йил 19 июнда таъсис этилди. Бу эсдалик нишони билан давлатимиз мустақиллиги, иқтисодий, сиёсий, илмий-таълим, маданий, маънавий салоҳияти ва мудофаа қудратини мустаҳкамлаш, унинг сарҳадлари хавфсизлиги ва дахлсизлигини таъминлаш, мамлакатимизни демократик янгилаш ва модернизациялаш, Ватаннинг муносиб ёш авлодини тарбиялаш ишида фидокорлик намуналарини кўрсатаётган зиёлилар, фан ва санъат арбоблари, ишчи ва хизматчилар, тадбиркорлар, фермерлар, меҳнат фахрийлари, ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ва бошқа шахслар мукофотланадилар.

Ўзбекистон Республикасининг фахрий унвонлари – Ўзбекистон Республикасининг фахрий унвонлари Ўзбекистон Республикасининг Қонуни билан 1996 йил 26 апрелда таъсис этилган. Ушбу қонунга айрим ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Ҳозирги кунда маълумотларга кўра 34 та фахрий унвонлар мавжуд. Бу фахрий унвонлар Ўзбекистон Республикасининг Қонуни билан таъсис этилган. Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 1996 йи 26 апрелдаги таъсис этилганига 4 та фахрий унвонлар қўшилди. Жумладан, 1996 йил 27 декабрда «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган фуқаро авиацияси ходими», 1998 йил 1 майда «Ўзбекистон Республикаси халқ устаси», 1998 йил 25 августда «Ўзбекистон ифтихори», 2000 йил 14 майда «Ўзбекистон Республикаси халқ бахшиси» каби фахрий унвонлар таъсис этилди.

Ўзбекистон Республикасининг Фахрий унвонларини таъсис этиш тўғрисида: Ўзбекистон Республикасининг 1996 йил 26 апрель Қонуни ва қўшимча қабул қилинган Қонунлар, Ўзбекистон Республикасининг фахрий унвонлари тўғрисидаги Низом методик-библиографик қўлланмага илова қилинди.

Адабиёт, санъат ва меъморчилик соҳасида Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофотлари – Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан таъсис этилган.

Жумладан, Алишер Навоий номидаги Давлат мукофоти – Ўзбекистон Республикасининг бадиий ижод соҳасидаги, энг олий мукофоти, Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан 1989 йил 13 сентябрда таъсис этилди. Бу мукофот Ўзбекистон Республикасининг маданий ҳаётида катта воқеа бўлган, миллий қадриятлар хазинасини бойитган адабиёт, санъат ва меъморчилик соҳасидаги энг ёрқин ва сермазмун асарлар учун берилади.

     Камолиддин Беҳзод номидаги Давлат мукофоти – Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан 1997 йил 23 январда таъсис этилган. Камолиддин Беҳзод номидаги Давлат мукофоти тасвирий ва амалий санъат, халқ ҳунармандчилиги соҳасида яратилган миллий истиқлол ғояларини ёрқин бадиий шаклларда акс эттирган, Ўзбекистоннинг буюк тарихини ва ҳозирги юксалиш жараёнларини ҳаққоний образлар орқали гавдалантирган ва кенг жамоатчилик томонидан тан олинган етук санъат асарлари учун берилади. Бу мукофот билан 1997 йил 27 августда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони бўйича Ўзбекистонда биринчи марта Т.Болтабоев, Х.Назаров, Ғ.Камолов, А.Илҳомов, Б.Раҳмонбердиев, Р.Матчоновлар мукофотланганлар.

   Абдулла Қодирий номидаги Давлат мукофоти – Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан 1991 йил 6 февралда таъсис этилган. Бу мукофот билан адабиёт ва санъат соҳасида яратилган миллий истиқлол ғояларини ёрқин бадиий шаклларда акс эттирган Ўзбекистоннинг буюк тарихини ва ҳозирги юксалиш жараёнларини ҳаққоний образлар  орқали гавдалантирган ва кенг жамоатчилик томонидан тан олинган етук санъат асарлари учун берилади.

    Ўзбекистон Республикасининг фан ва техника, адабиёт, санъат ва меъморчилик соҳасидаги Давлат мукофотларини таъсис этиш тўғрисида 2006 йил 25 июлда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига кўра юксак даражадаги илмий изланишларни амалга ошириш, ноёб ихтиро ва кашфиётлар, энг замонавий талабларга жавоб берадиган техника ва юқори  технологияларни, адабиёт, санъат ва меъморчилик соҳасида улкан ижтимоий аҳамиятга эга бўлган етук бадиий асарлар яратишни рағбатлантириш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида:

2007 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта бериладиган Ўзбекистон Республикасининг:

- Фан ва техника;

- Адабиёт;

- Санъат ва меъморчилик йўналишларида жами олтита –учта биринчи даражали ва учта иккинчи даражали Давлат мукофотлари таъсис этилган.

Ўзбекистон Республикасининг фан ва техника, адабиёт, санъат ва меъморчилик соҳасидаги Давлат мукофотларини таъсис этиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонининг 4-бандида илгари Ўзбекистон Республикасининг Абу Райҳон Беруний, Алишер Навоий, Камолиддин Беҳзод ва Абдулла Қодирий номидаги Давлат мукофотлари билан тақдирланган лауреатларнинг мазкур мукофотлари ўз кучини сақлаши белгилаб қўйилган.

    Зулфия номидаги Давлат мукофоти –Зулфия номидаги Давлат мукофотини таъсис этиш бўйича таклифларни қўллаб-қувватлаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони 1999 йил 10 июлда чиқди. Бу мукофот мактаб, лицей, коллеж ва олий ўқув юртларида аъло хулқи, ўқишдаги муваффақиятлари ижтимоий фаоллиги билан алоҳида истеъдодини намоён қилиб таълим олаётган, истиқлол ғояларини амалга ошириш йўлида астойдил меҳнат қилаётган 25 ёшгача бўлган иқтидорли қизларга адабиёт, маданият, санъат, фан, таълим соҳаларидаги ҳамда жамоатчилик фаолиятидаги алоҳида ютуқлари учун берилади.

Зулфия номидаги Давлат мукофоти Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг вакилларига биттадан жами 14 та берилади.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

   Тайёрлади :Илмий – услубият бўлими.

 

 

Комментарии

Популярные сообщения из этого блога

КУТУБХОНА ИШИДА ҚЎЛЛАНИЛАДИГАН ИЗОҲЛИ ЛУГАТЛАР

“АХБОРОТ-КУТУБХОНА ФОНДЛАРИНИ САҚЛАШ ”